Президентнинг тегишли фармонига асосан Салом Самадов бош прокурор ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар бермоқда прокуратура матбуот хизмати.

3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси бўлган Салом Самадов 2022 йилнинг август ойидан буён Қашқадарё вилояти прокурори лавозимида фаолият юритиб келаётганди. Ундан аввал Тошкент вилояти прокурори бўлган.

Салом Самадов 1963 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1990 йилда Харьков юридик институтини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1990 йилда Бухоро вилояти Файзулло Хўжаев тумани прокуратурасида бошлаган. Бухоро ва Навоий вилоятлари прокуратуралари органларида турли лавозимларда, 2005 йилдан бошлаб Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари, Хатирчи ва Кармана туманлари прокурори, Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон прокурори ўринбосари, Қорақалпоғистон прокурори, Ўзбекистон президенти давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

У олдин ҳам — 2017 йилнинг ноябридан 2018 йилнинг октябрига қадар бош прокурор ўринбосари лавозимида ишлаган.