Шавкат Мирзиёев рақамлаштириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишида молиявий манбаларни кенгайтириш масаласини ҳам муҳокама қилди. Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов бу бўйича президент сўзларидан иқтибослар келтирди.

Унга кўра, ҳудудларда рақамлаштиришни ривожлантириш учун Рақамли ташқи реклама портали ишга туширилади. Келгусида ташқи рекламадан тушган маблағларнинг 20 фоизи ҳар бир вилоятнинг ўзида рақамлаштиришни ривожлантириш учун қолдирилади.

Бунда бош вазирга хорижий тажрибани ўрганиб, намунавий лойиҳа асосида Тошкент шаҳрида 2 та, вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда 1 тадан кўчада замонавий ташқи реклама объектларини жойлаштириш топшириғи берилди.

1 июнга қадар Рақамли ташқи реклама тизимини ишга тушириб, ундан фақат Ягона интерактив портал орқали фойдаланиш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев рақамлаштириш бўйича тизим яхши йўлга қўйилмаганини танқид қилганди. Бунда аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган ички ишлар идораларида 34 та, адлияда 32 та, соғлиқни сақлашда 11 та хизмат электрон шаклга ўтказилмагани таъкидланган. Масалан, одамлар «086-шакл» олиш учун ҳар сафар поликлиникага мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда янги автомобилларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва рақам беришнинг электрон тизимини яратиш режалаштирилмоқда.