Президент Шавкат Мирзиёев тармоқ ва соҳаларда ҳамда ҳудудларда рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Йиғилишда давлат раҳбари рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини янада ошириш зарурлигини, масалан, вазирликларнинг 5 мингта функциясидан фақат 30 фоизигина рақамлашганини таъкидлади.

Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган ички ишлар идораларида 34 та, адлия идораларида 32 та, «Ўзстандарт»да 29 та, соғлиқни сақлашда 11 та хизмат электрон шаклга ўтказилмагани қайд этилди.

Хусусан, электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олиш автоматлаштирилган тизимининг (ЭҲНАТ) 160 дан ортиқ функцияси бўлса-да, ҳозирда фақат 1−2 тасидан фойдаланиляпти. Жумладан, туман электр тармоқлари корхоналари қаерда авария бўлганини фақат аҳоли мурожаати орқали билади.

Шу каби масалалар тартибга солинмагани танқид қилиниб, мутасаддиларга ЭҲНАТ имкониятларини тўлиқ инвентаризация қилиб, уларни ҳудудларнинг электр балансини шакллантириш, ноқонуний уланишлар ва аварияларни назорат қилиш, истеъмолни режалаштириш каби йўналишларда ишлатиш топширилди.

«Мисол учун, ишга ёки ўқишга кириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда керак бўладиган „086-шакл“ тиббий маълумотномани олиш учун одамлар ҳар сафар поликлиникага мурожаат қилишга мажбур. Ёки йилига 300 мингдан зиёд харидор янги машина сотиб олади. Лекин рўйхатдан ўтиш ва давлат рақами олиш учун ҳалигача йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига бориш зарур», — дейилади хабарда.

Президент қолган вазирликларда ҳам рақамлаштириш бўйича ҳали халқни рози қиладиган тизим тўлиқ яратилмаганини билдирди. Соҳада амалга оширилган ишлар етарли эмаслигини, IT хизматлар экспортини келгусида 1 миллиард долларгача ошириш режа қилинганини қайд этди.

Бунинг учун:

  • камида 100 минг нафар малакали дастурчи, IT архитекторлари, операторлари ва муҳандислари кераклиги;
  • ҳудудларда юқори тезликдаги интернет ва мутахассислар учун шарт-шароитларни кенгайтириш лозимлиги;
  • хорижий IT компаниялар кўпайиши учун янада қулай муҳит яратиш зарурлиги;
  • замонавий IT касбларга ўқитиш тизимини яратиш кераклиги;
  • аҳоли ва тадбиркорлар учун энг зарур бўлган камида 200 та янги электрон хизматларни ишга тушириш шартлигини кўрсатиб ўтди.