Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишда янги автотранспортларни онлайн давлат рўйхатидан ўтказиш ва рақам бериш тизимини жорий қилишни топширди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Давлат раҳбари йилига 300 мингдан зиёд харидор янги машина сотиб олаётганини маълум қилди. Лекин рўйхатдан ўтиш ва давлат рақами олиш учун ҳалигача йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига бориш зарур.

Президент қолган вазирликларда ҳам рақамлаштириш бўйича ҳали халқимизни рози қиладиган тизим тўлиқ яратилмаганини таъкидлади.

Жумладан, аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган ички ишлар идораларида 34 та, адлия идораларида 32 та, «Ўзстандарт»да 29 та, соғлиқни сақлашда 11 та хизмат электрон шаклга ўтказилмагани қайд этилди.

Мисол учун, ишга ёки ўқишга кириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда керак бўладиган «086-шакл» тиббий маълумотномани олиш учун одамлар ҳар сафар поликлиникага мурожаат қилишга мажбур.

Ерларни хусусийлаштириш учун мурожаат онлайн берилади. Аммо коммунал соҳадаги маълумотлар рақамлашмагани боис, кейинги босқичлар барибир «қўлда» қилинмоқда.

Шавкат Мирзиёев Рақамлаштириш вазирлигига тегишли вазирлик ва ҳокимликлар билан биргаликда:

  • аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган электрон хизматлар бўйича 26 та ахборот тизимини Ягона давлат хизматлари портали билан бирлаштириш;
  • ушбу портал орқали кўрсатилаётган хизматларни ҳозирги 370 тадан 570 тага етказиш;
  • янги автотранспортларни онлайн давлат рўйхатидан ўтказиш ва рақам бериш тизимини жорий қилиш;
  • яна 8 турдаги нотариал ҳаракатларни онлайн шаклга ўтказиш;
  • жами 11 мингга яқин сув хўжалиги объектларида сув ҳисобини юритишнинг рақамли тизимини жорий этиш;
  • 2 мингдан зиёд мелиоратив кузатув қудуқларини автоматлашган мониторинг тизимига ўтказиш;
  • барча тиббиёт муассасаларини локал тармоқ билан қамраб олиш, уларни компьютерлар билан тўлиқ жиҳозлаш;
  • тиббиётни рақамлаштириш бўйича 50 млн долларлик лойиҳани бошлаш вазифасини топширди.