2022 йилнинг 24 февралида Россиянинг Украинага бостириб кириши дунё тартибига сезиларли таъсир кўрсатди. «Махсус ҳарбий операция», «нацизмга қарши кураш» каби шиорлар вақт ўтиб тинч аҳолини қириш-ўлдириш билан давом этди. Ўн ойдан ошган уруш сабаб, расмий маълумотларга кўра, шу кунгача 7 мингга яқин тинч аҳоли, шундан 429 бола ўлдирилди, ўн мингдан ортиқ украиналик эса яраланди.

Хорижий нашрларда уруш оқибатлари, ҳозирги вазият ва келгусидаги манзара ҳақида мутахассис-экспертлар фикри охирги ойларда мунтазам берилмоқда. Можаро қачон барҳам топиши ҳақида ҳар ким турли фикрда. «Газета.uz» британиялик журналист ва дипломат муҳаррир Патрик Уинтернинг The Guardian нашрида эълон қилинган хулосаларини ўзбек тилига ўгирди.

Украиналик ёзувчи Оксана Забужко Отто фон Бисмаркнинг қуйидаги сўзларини бекорга эсламайди: «Урушда ғалабани генераллар эмас, муаллимлар, черков руҳонийлари қозонади». Бу жамиятга сингган хотира, тарихни баҳам кўриш ҳисси бўлиб, оммавий сафарбарликнинг ҳал этувчи воситаси ҳамда жанг майдонида қурол каби ўта муҳим масаладир.

Қатор низолар бош «масхарабозлар»нинг миллий ўтмиш, ватанпарварлик туйғуси каби оҳанжамаларига солиниб, аллақандай шакл-шамойилга ўралдики, натижаси февралда бошланган Украинадаги уруш бўлди. Нафақат Россия ва Украина, яна Германия, Франция, Польша, Болтиқбўйи давлатлари, Буюк Британия, АҚШ ва ҳатто глобал миқёсдаги жанубнинг бири иккинчисига зид ўтмиш кечмишлари, манфаатлари урушни бирёқлик қилишни қийинлаштиради. Баъзан бўлаётган жанг тарих якунидан кўра тарих қасосидек тасаввур уйғотади.

Россия Мудофаа вазирлиги 2022 йил 7 мартда эълон қилган тарқатма материаллардан олинган ушбу видеотасвирда Россия танк бўлинмаси Киев вилояти томон ҳаракатланмоқда. Фото: Россия Мудофаа вазирлиги / AFP / Getty ImagesРоссия Мудофаа вазирлиги 2022 йил 7 мартда эълон қилган тарқатма материаллардан олинган ушбу видеотасвирда Россия танк бўлинмаси Киев вилояти томон ҳаракатланмоқда. Фото: Россия Мудофаа вазирлиги / AFP / Getty Images

Украиналик тарихчи Георгий Касаинов тарихни янги дунё тартиботларини яратиши мумкин бўлган можаро қафасига қўяди. «Россия кучлари тарихий уйдирмалар орқали ўзларини рағбатлантириб, йўлни Украинага солишди», деб ёзади у Foreign Affairs нашрида. «Бироқ ўтмиш Украинанинг бардоши, чидамлилигини оширади. Украиналиклар уларни жангга олға бошлайдиган тарих воқеаларини ипидан игнасигача жуда яхши биладилар. Очиғи, бу уруш бир-бирига зид икки тарихнинг тўқнашувидир».

Путин кўпинча бош қўмондон сифатида эмас, Россия тарихидаги муҳим шахс, тўғрироғи, тарихнависдек тасвирланади. Ушбу урушга тагзамин Россия президентининг 2021 йил июлида чоп этилган «Рус ва украинларнинг тарихий бирлиги тўғрисида»ги псевдотарихий эссеси асосида қўйилганди. Ушбу ҳужжатда Путин Украинани Россиянинг ажралмас бўлаги дея даъво қилиб, Х асрда ҳукм сурган Олег подшоҳнинг «Киев жамики рус шаҳарларининг онаси бўлсин!» деган ҳукмига ёпишиб олади.

Польшанинг собиқ ташқи ишлар вазири Радослав Сикорзки Украинага ҳужумни ўша эссени ўқиган ониданоқ сезгани ва буни Путин ҳар бир рус аскарига юборишни буюрганини пайқаганини айтади. Россия ўтмишда Украинага қандай жафо-ситам етказган бўлса, янги режа ҳам худди шундай эди: элита қатламни йўқотиш, миллатни руслаштириш ва мавжуд ресурсларни ўз империяси эҳтиёжларига сарфлаш. Украинага эртаклардагидек деҳқон бўлиб яшашга рухсат берилиши мумкин, бироқ ўз тақдири, иттифоқчиларини танлашда эркин ва демократик миллат бўлишига асло йўл қўйилмайди.

Путин Украинани қуролсизлантириш ва рус тилини иккинчи тил қилиш зарурлиги хусусида сўзлаганда бу мамлакатнинг Россиянинг бир қисми сифатида қўшиб олиш эмас, яна Рус империясини тўла-тўкис қайта ташкил этиш дегани эди.

Полициячилар Россиянинг 2022 йил 24 февралда Украинага бостириб киришини қоралаб намойиш ўтказганларни қўлга олмоқда. Фото: Александр Неменов /AFP / Getty ImagesПолициячилар Россиянинг 2022 йил 24 февралда Украинага бостириб киришини қоралаб намойиш ўтказганларни қўлга олмоқда. Фото: Александр Неменов /AFP / Getty Images

Президентнинг 2022 йил майда — Ғалаба байрамидаги нутқида Украинадаги уруш фронтидан қайтиб келган аскарларга «оталари ва боболари нима учун курашган бўлишса, улар ҳам шу учун отланишгани»ни, «она ватан» ва нацизмга қарши жанг қилишаётганини айтади. Унга кўра 2013 йили Украинадаги инқилоб фашист «Бандерачилар тўнтариши», Киев ҳукумати — «хунта», НАТО кучлари — Аншлюс, Европа иттифоқи эса Россия маданиятга хавф солувчи декадент. Путиннинг фикрича, 2022 йилдаги Россия 1941 йили Ғарб таҳдиди, босқин хавфи остида қолган СССРга ўхшаб қолганди.

Болакай Иккинчи жаҳон уруши йиллари Киевда очилган Украина миллий тарихи музейидаги «Ғалаба куни» очиқ кўргазмасида Владимир Путин расмлари туширилган постерларни томоша қилмоқда. Украина, 2022 йил 9 август. Фото: Роман Пилипей / EPAБолакай Иккинчи жаҳон уруши йиллари Киевда очилган Украина миллий тарихи музейидаги «Ғалаба куни» очиқ кўргазмасида Владимир Путин расмлари туширилган постерларни томоша қилмоқда. Украина, 2022 йил 9 август. Фото: Роман Пилипей / EPA

Забужконинг фикрича, адолатсизлик ва хиёнат ҳақидаги чуқур тарихий туйғу нафақат Путинни, балки бутун Россия жамиятини оёққа қалқитмоқда. «Ўзига ачинмайдиган русни топгиси келади кимдир. Ноҳақлик ҳисси — замонавий рус жамиятига хос ахлоқий таназзулнинг ёрқин белгиларидан бири». Украинанинг ҳам ўзига яраша адолатсизлик ҳисси бор ва кўрсаткич бармоғини Россияга қаратган. Лондондаги Украина институти директори Олеся Хромейчукнинг таъкидлашича, «Украинанинг тарихдан чиқарган сабоғи — давлатсизлик ва кураш, репрессив ташқи бошқарув ва машаққат билан қўлга киритилган мустақиллик — уни бугун ҳаммамиз кўриб турган миллатга айлантирди. Бугун ушбу ўлка империализм, душманга қарши бирлашган ва эркинлигини ҳимоя қилишга шай халқдир. Украинлар учун озодлик шунчаки орзу-хаёл, юксак идеал эмас — нажот қалъасидир».

1991 йилда эришилган мустақилликдан кейин Украина бирлашуви хийла муддатга чўзилди. Икки қутбга бўлинганлар — бир томонда миллат ва миллатчилар дегувчилар, иккинчи томонда совет даврини қўмсайдиганлар кураши кетди. Тўғри, бу постсовет давлатлари орасидаги ягона ҳолат эмасди, бироқ Украинадаги жараён бошқаларга нисбатан зиддиятга бой, муросасиз давом этганди.

Одамлар 1932−1933 йиллари миллионлаб украин ҳаётига зомин бўлган оммавий очлик — Голодомор қурбонларини хотирлаш учун Львовдаги майдонга тўпланмоқда. Фото: Юрий Дячишин /AFP / Getty ImagesОдамлар 1932−1933 йиллари миллионлаб украин ҳаётига зомин бўлган оммавий очлик — Голодомор қурбонларини хотирлаш учун Львовдаги майдонга тўпланмоқда. Фото: Юрий Дячишин /AFP / Getty Images

Ўшанда курашлар мактаб дарсликлари, ҳайкаллар, миллий байрамларни танлаш масаласи, кўча номлари, давлат архивлари, Голодомор ҳайкали — 1932−1933 йиллари миллионлаб украиналикни ҳалок қилган оммавий очарчилик тимсоли устида кетганди. Виктор Юшченконинг 2005 ва 2010 йиллардаги «тарихий раислиги» даврида 159 та тарихий фармон чиқарилиб, уларнинг аксари мамлакатни декоммунизация қилиш ҳақида эди.

Амалда тарих кўпинча ҳукмдор томонидан нотўғри қўлланади. 2014−2019 йиллари орасида Украина Миллий хотира институтида ўлкани соф этник антироссия нуқтасидан таърифлаган ўнг қанот миллатчиларининг тор гуруҳи ҳукмронлик қилди.

У қадар шуҳрат қозонолмаган раҳбарлар, масалан, Пётр Порошенко кундан кун миллатни бўлувчи, беҳад ғализ этник даъватларга суяниб, уларни ҳокимиятда қолишнинг ягона чораси деб билди. 2015 йили ҳукумат ҳатто «хотира тўғрисида»ги қонунлар тўпламини ҳам чиқарди. Натижада, кимда ким мамлакат ўтмиши ҳақидаги расмий, чуқур антисовет назариядан шубҳаланса, ўн йилгача қамоқ билан жазоланиши белгиланди.

Владимир Зеленский ва «мустақиллик авлоди» — Украина Совет ҳукмронлигидан ажралиб чиққанидан кейин туғилган ёшлар — иқтидорга келгач, ўтмиш сабоқлари, ўзлик ва тил қайта-қайта мурожаат этиладиган масала-мавзуга айланди, деб ёзади Олга Онуч «Зеленский эффекти» китобида. Собиқ актёр ва қизиқчи Зеленский 2019 йили президент этиб сайлангач, тарих нега муҳимлигини тушунди. Шунингдек, у «Халқ хизматкори» сериалида — телеэкранларда Зеленский номини чиқарган асар — тарих ўқитувчиси ролини гавдалантириб, ўқувчиларига 1903 йили биринчилардан бўлиб Украина тарихи Россиянинг бир бўлагидан иборат эмаслигини исботлашга уринган тарихнавис Михаил Грушевскийнинг нақадар муҳим шахс эканини уқтиришга, ёш авлодни ишонтиришга уринади.

Прокуратура эксперти Россия армияси Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харьковга томон отган снаряд ва ракеталарнинг тўпланган қолдиқларини текширмоқда. Фото: Алексей Филиппов /AFP /Getty ImagesПрокуратура эксперти Россия армияси Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харьковга томон отган снаряд ва ракеталарнинг тўпланган қолдиқларини текширмоқда. Фото: Алексей Филиппов /AFP /Getty Images

2020 йилдаги янги йил табригида Зеленский украин халқига «Ўзингиздан ‘Мен кимман?' деб сўранг ва бошқаларни истисно этмай жавоб изламанг» дея мурожаат қилади. «Паспортларимиз бизнинг мос украиналикмизми ёки йўқ — айтолмайди. Унда „ватанпарвар“, „малорус“ (миллий ўзига хослиги бўлмаган украиналикни тасвирлашда қўлланадиган камситувчи атама), „ватник“ (россияпараст фуқарони камситувчи атама»), «бандерачи» (украиналик миллатчини тасвирлайдиган камситувчи атама) деган ёзувлар йўқ. Унда ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор «Украина фуқароси» деб ёзиб қўйилган. Ҳаммамиз турличамиз". Ушбу ғоя ҳурматга йўғрилиб «яшаш»га сазовор.

Президент Владимир Зеленский 2020 йил 1 январда Киевда бутун халқни бошланган янги йил билан телевидение орқали қутламоқда. Фото: APПрезидент Владимир Зеленский 2020 йил 1 январда Киевда бутун халқни бошланган янги йил билан телевидение орқали қутламоқда. Фото: AP

Онуч ва ҳаммуаллиф Ҳенри Ҳейл китобда Зеленский украиналикларга «тил, миллат ва диний хилма-хилликдан устун бўлмиш бой, умумий тақдирни англаб етиш» имконини берган деган фикрни илгари суради. Ушбу авлод ўз руслигидан шунчаки қочиб қутилишни эмас, балки янги украин фуқаросининг ўзига хослигини топишни, умумий қадриятлар ҳақидаги беқиёс ғояга бирикишни жон-жаҳди билан хоҳлайди. Украинанинг жануби-шарқидан чиққан русийзабон яҳудий сифатида Зеленский русийзабон украиналик қандай бўлиши, яна шарқда Украина давлатини тўла-тўкис танишлари ва ватанпарварликларини намоён этишга энг муносиб номзод эди.

Бу айни уруш бошланган паллаларда муҳим рол ўйнади. Поляк тарихчиси Адам Михникнинг урғу беришича, Европанинг бир парчаси сифатида Украинанинг келажаги фақат Львов ва Киевнинг ғарбий шаҳарларигагина эмас, балки Харьков ҳамда Одессага ҳам бутунлай боғлиқдир. «Путиннинг ракета зарбалари сабаб Харьков ва Одесса Европани танлаганига шубҳа йўқ», дейди тарихчи.

Украиналик аскарнинг Одессадаги дафн маросими. 2002 йил, март. Фото: Седат Суна / EPAУкраиналик аскарнинг Одессадаги дафн маросими. 2002 йил, март. Фото: Седат Суна / EPA

Қисқача айтганда, Путин аввалдан мавжуд, бироқ ўзи пухта тушунмаган мамлакатга бостириб кираверди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати президент Путинга қудратли армия Киевни бир деганда қўлга олиши, атиги бир неча соатда 2014 йили Қримда бўлганидек ҳукумат бошлиғини бўйсундириши, худди шу йилдан бошлаб сунъий ва етакчиларига ишонмайдиган сиёсий бефарқ ўлкани забт этиш мумкинлигини билдиради. Ушбу далилга ишонч Украинадаги русофоб аҳоли ўртасида норозилик кайфиятини уйғотиш ва россияпараст сиёсатчиларни гижгижлаш учун сарфланган бир миллиард доллар билан асосланади. Афсуски, ФХХ ходимлари пулнинг бир қисмини чўнтакка уриб, Москвани мамнун этиш учун руспарастлар ҳақида уйдирма маълумотларни тақдим этганди.

Натижада, бостириб кириш зарурлиги хусусида нотўғри, пуч хабарларга тўйинтирилган рус аскарлари юртини ҳимоя қилишга ошиққан украин кўнгилли аскарларини кўриб довдираб қолади. Херсонга кириб боргач эса гул ўрнига отишмалар билан қаршиланишади.

31 ёшни тўлдирган россиялик аскар Михаил Куликов 2022 йил 30 июнида Черниговдаги жангларда қилган жиноятлари учун суддаги ойнаванд тўсиқ ортида ўтирибди. У уруш қонун-қоидаларини бузишда айбдор деб топилган. Т-72Б танки оператори сифатида 26 феврал куни кучли портловчи-парчаловчи снаряд ёрдамида аҳоли турар жойига ўқ отиш буйруғини олган. У суд олдида айбини тан олиб, тавба қилган. Фото: Карол Гузи / Zuma Press Wire / Rex / Shutterstock31 ёшни тўлдирган россиялик аскар Михаил Куликов 2022 йил 30 июнида Черниговдаги жангларда қилган жиноятлари учун суддаги ойнаванд тўсиқ ортида ўтирибди. У уруш қонун-қоидаларини бузишда айбдор деб топилган. Т-72Б танки оператори сифатида 26 феврал куни кучли портловчи-парчаловчи снаряд ёрдамида аҳоли турар жойига ўқ отиш буйруғини олган. У суд олдида айбини тан олиб, тавба қилган. Фото: Карол Гузи / Zuma Press Wire / Rex / Shutterstock

«Сиз тарқатаётган ахборот ва чин ҳаётдаги Украина тамомила бошқа-бошқа қутбдан жой олган», дея огоҳлантирган Зеленский русларни босқин арафасида, «фақат иккинчисигина ҳақиқийдир».

Босқиннинг учинчи куни рус офицерлари жиддий хатога йўл қўйилгани, операцияни энди ҳеч қачон ўнглаб бўлмаслигини тушуниб етади. Россиянинг ҳаддан ташқари мутакаббирлиги ва ўзига ишончининг баландлиги миссиядан воз кечгулик тахмин-гумонларни ўртага қўйди.

Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес Россиянинг илк хатолари хусусида қисқача хулоса беради. У шу йил ноябрида Лордлар палатаси олдида: «Бу уруш ‘бир кун, бир оқшом' ҳақидаги жамики овозни жаранглатди. Сиз буни ‘Ҳаво шари юқорига кўтарилгач, душманингизнинг ҳаво мудофаасини ёриб, нишонни ихтиёрингизга кўра баҳузур танлашингиз мумкин' деб таржима қилсангиз ҳам бўлаверади».

Украиналик аскар ноябрь ойида Бахмут яқинида кечган жангларда рус позициясига қараб ўт очмоқда. Фото: Булент Килич/AFP/Getty ImagesУкраиналик аскар ноябрь ойида Бахмут яқинида кечган жангларда рус позициясига қараб ўт очмоқда. Фото: Булент Килич/AFP/Getty Images

«Бир оқшом ё бир кунда, ёки руслар таъкидлаганидек, уч ҳафтада ҳам ҳеч вақони эплолмасангиз нима қиласиз? Уларнинг бир кун, бир кечасида украинлар ўта донолик билан казармани ташқарига чиқаришди, қурол-яроғ омборини тарқатиб, ҳарбий ҳаво кучидаги қобилиятларини ҳийла-найранг билан ишлатишди. Нималар юз беришини аввалдан хомчўтлаб, улар ҳаво кучимиз шугинадан иборат дея Россияни алдашди, натижада, қарши томон фақат нотўғри йўналишга ўт очаверди. Кейин бир кун, бир кеча уч-тўрт ҳафтага уланиб кетаверди. Сиздаги мураккаб, замонавий қуроллар ҳам бир кун тугайди ва сиз ҳам айни дамда Россия турган жойдасиз».

Илк босқиндан 10 ой ўтиб, Украинанинг ғайриоддий бардоши, жасорати мағлубиятнинг олдини олдию, бироқ ғалабагача етиб боролмади. Совуқ урушдан кейинги Европа манзараси ҳам ўзгарди, лекин ҳали узил-кесил қарор қабул қилинмади. Ҳамон ўтиш даври кетмоқда.

Россиялик шахмат устаси Гарри Каспаров бу урушни «шахматдан кўра кўпроқ қарта ўйинига ўхшайди. Шахмат тахтасида ҳамма фигуралар ўйиндан чиқади, лекин қарта чала-чулпа маълумотларга асосланган ўйин, унда фақат тахминларга суяниш мумкин, тахмин билан ҳаракатланиб ўйналади», деб тасвирлаганди.

Энг қийини — иккинчи томон бундай ҳалокатга руҳан, жисман нечоғлик туриб беришини чамалашдир. Ҳар бир томон бошқаларга умид бағишлаш учун, душман бомбардимон этишига яқин қолди дея уруш қийматини оширишига тўғри келаверади.

Шунга қарамай, уруш бадали аллақачон улканлашиб кетган. АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари генерал Марк Милли урушда 100 мингдан зиёд рус аксари ҳалок бўлганини келтиради. Очиқ манбали ҳаволаларга асосланиб Oryx сайти Россия томони 24 февралдан бери умумий ҳисобда 1491 та асосий жанговар танкини йўқотгани, шундан 856 таси яксон этилгани, 62 таси зарарлангани, 55 таси ташлаб кетилгани, 518 тадан кўпроғи украиналикларга бой берилганини аниқлади. Қарангки, Россия беихтиёр Украинанинг қурол етказиб берувчи муҳим таъминотчисига айланди.

Ҳисоб-китобларга кўра, АҚШ йиллик мудофаа бюджетининг 5,6 фоизини Россия ҳарбий салоҳиятининг ярмини маҳв этишга сарфлаган.

Муваффақиятли зарбалар буюк Россия мудофааси обрўсига путур етказди. Россия томони Киев билан Черниговни ололмагач, қадамни энг аввал шимолда «қайта гуруҳлаш»дан қўйиш кераклигини тушуниб етди. 6 сентябрда рус фронтининг Харьковнинг шимоли-шарқий ҳудудларида кўз кўрса ишонмайдиган мағлубиятлари бошланди. 11 ноябрда эса 40 кунча аввал Россиянинг бир бўлаги деб жар солинган, аннексия қилинган Херсон шаҳри портидан суриб чиқарилди. Днестр бўйлаб глобал йўлак қуриш мақсадидан — Украинанинг ғарбий қўшниси саналмиш Молдованинг Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган алоҳида қисмидан — ҳозирча воз кечилган. Украина томонининг айтишича, сентябрдан бери Россия оккупация қилган ҳудудларнинг 40 минг квадрат километрдан ортиғи қайтариб олинган.

Одамлар Херсон яқинидаги бузиб ташланган кўприкда қолган машина олдида. Жанубий Украина, 26 ноябрь 2022 йил. Россия армияси Херсондан чиқиб кетаётганида муҳим инфратузилмалар, сув ва электр таъминоти иншоотлари, асосий объектларни қасддан йўқ қилганликда айбланган. Фото: Роман Пилипей / EPAОдамлар Херсон яқинидаги бузиб ташланган кўприкда қолган машина олдида. Жанубий Украина, 26 ноябрь 2022 йил. Россия армияси Херсондан чиқиб кетаётганида муҳим инфратузилмалар, сув ва электр таъминоти иншоотлари, асосий объектларни қасддан йўқ қилганликда айбланган. Фото: Роман Пилипей / EPA

Бунга қўшимча, Россия дипломатик обрў-эътиборини йўқотгани учун ҳам бадал тўлади. Марказий Осиё республикалари раҳбарлари билан учрашувларда Путин ўзини камситилган, зиддиятлар қуршовида қолганини сезади ва Россия обрўси тушиб бораётгани учун Кавказдаги хавфсизлик масаласи хусусида оғиз очаверади. Россияни Беларусь, Шимолий Корея, Сурия ва Эритериягина дипломатик қўллаб-қувватламоқда (ҳимоя қилишдан фарқли, албатта). Бир халқаро дипломатик идора ортидан кейингисида «Россия қабул қилинмайди!» каби шиорлар янграмоқда. Хитой мудофаа вазири Фэй Вэнхе июн ойида мамлакат Россияга бир дона ҳам ўқ сотмаслиги, ўртадаги муносабатлар иттифоқдош эмас, шунчаки ҳамкор сифатида давом этишини маълум қилганди.

Ҳар йили чоп этиладиган Anholt-Ipsos Nations Brands индексининг ноябрдаги маълумотида Россия сўровномада иштирок этган 60 давлат орасида 27-ўриндан 58-ўринга тушиб кетган. Индекс асосчиси Симон Анҳолтнинг айтишича, «мамлакат обрў-эътиборининг бундай қулаши унинг бизнеси, ҳукумат ва энг асосийси, халқининг халқаро ҳамжамият билан бўладиган савдо-сотиғи, алоқасига жиддий путур етказади. Агар бу узоқ йилларга чўзилса, иқтисодий санкциялардан кўра кўпроқ юрт тақдирини фалажлантириши мумкин».

The Guardian графиги. Россиянинг Украина ҳудудларидан секин-аста чекиниши. Ушбу маълумотномада Россия томони ҳаракат қилган ва ҳужумга ўтган, бироқ назоратда тутолмаган ҳудудлар акс этган. Манба: Institute for the Study of War (ISW).The Guardian графиги. Россиянинг Украина ҳудудларидан секин-аста чекиниши. Ушбу маълумотномада Россия томони ҳаракат қилган ва ҳужумга ўтган, бироқ назоратда тутолмаган ҳудудлар акс этган. Манба: Institute for the Study of War (ISW).

Умумий олганда, юз бераётган воқеалар Путинни олдинга қараб йўл излашга эмас, аксинча, уруш ичида туриб чора қидиришга мажбурламоқда. «Путин урушлари» китоби муаллифи Марк Галеоттининг фикрича, Москва бугун урушда ғалаба қозонишдан кўра талафот бермаслик йўлига ўтиб олган ва бунинг учун Ғарбдан устун келишга ҳаракат қилиши шарт. Яқинда Орландо Файджес: «Уруш айни кунларда янги босқичига кўтарилмоқда. Сабаби, қиш келди, энди руслар чуқур ковлашига тўғри келади. Шу боис, улар Днепр дарёсининг ғарбий қирғоғини кесиб ўтмоқдалар. Айни шу босқич Украина инфратузилмасини вайрон этади, қочоқлар билан боғлиқ муаммони ўртага ташлайди, Ғарбга қарши иқтисодий урушга дебоча бўлади. Уруш худди ўша ерда бошланиб, ҳаммаси шу жойда ҳал этилади. Ғарб давлатларининг Украинани қўллаб-қувватлашни қанчалик давом эттириши уруш тақдирини белгилади», дея хулоса беради.

Муддатли ҳарбий хизматчи Москвадаги чақирув бўлимида қариндошлари билан хайрлашмоқда. 2022 йил сентябрь. Фото: Юрий Кочетков / EPAМуддатли ҳарбий хизматчи Москвадаги чақирув бўлимида қариндошлари билан хайрлашмоқда. 2022 йил сентябрь. Фото: Юрий Кочетков / EPA

Бундан ташқари, миллий қаҳрамонлик воқеалари якун учун асосий аҳамиятга эга. Москва ноябрда бўлиб ўтган оралиқ сайловларда Америка изоляциясига қайтиш ва Трамп ғалаба қозонишига умид боғлаганди. Ҳаммаси жуда оддий эди: беқарор ҳудудларда америкаликлар газ ва уруш харажатлари ошиб бораётганига қарши норози бош кўтаришлари керак эди. Тўғри, айрим сўровномаларда республикачилар орасида урушни ёқловчилар секин-аста камаяётгани сезилди, бироқ афтидан Жо Байден АҚШ ва Европа демократиясига бўлажак таҳдидни жуда ишонарли, жозибали қилиб тасвирлаб берди-ёв.

Натижада, Байден келгуси икки йилда Украина сиёсатини шакллантиришда иштирок этиш имконига кутилганидан кўпроқ эга чиқди.

Декабрь бошида Вакиллар палатасининг хорижий ишлар бўйича қўмитаси аъзоси республикачи Майкл Маккол доирани кенгроқ олиб, республикачилар АҚШ молиялаштиришни тўхташини эмас, балки кўпроқ назорат ва қатъийликни тарғиб этишини таъкидлади. Байден Украинага хавфсизлик бўйича 18,6 млрд доллардан кўпроқ ва тўғридан-тўғри иқтисодий ёрдам сифатида 13 млрд доллар ажратганини ҳисобга олсак, Маккол АҚШ харажатлари учун жавобгарликни талаб қилгани ажабланарли эмас. Бироқ унинг асосий мақсади бошқа. «Айни кундаги муаммо Эрон дронларининг Қримга кириб бораётганидир. Аммо украиналикларда ATACMS (тактик армия ракета тизими) деб номланган узоқ масофали артиллерия мавжуд бўлмагунича Эрон дронларини уриб туширолмайдилар. Айрим сабабларга кўра (Байден маъмурияти) ушбу қуролларни Украинага тақдим этолмайди. Агар (Украинага) зарур қуролларни берсак, ғалаба қозонади. Бермасак, уруш узоқ давом этаверади». Бу Американи яккалаш анъаналарини қайта тиклашга интилган одамнинг огоҳлантиришлари эмас.

Мабодо АҚШ айни дамда тор йўлакдек ёпилишга шаъма қилса, Путиннинг кейинги энг яхши танлови Германия бўларди. Бироқ Германияга қарши энергия борасидаги пўписаси энди ўзига қарши ишлаши, немис саноатига зарар етказмаслиги мумкин.

Кёльн собори чироқлари Россиядан импорт қилинадиган табиий газга қарамликни камайтириш ва Германияда энергияни тежаш мақсадида ўчирилди. Фото: Месут Зейрак / Anadolu AgencyКёльн собори чироқлари Россиядан импорт қилинадиган табиий газга қарамликни камайтириш ва Германияда энергияни тежаш мақсадида ўчирилди. Фото: Месут Зейрак / Anadolu Agency

Давлат режаси ва шахсий тежамкорлик орқали Германия Россия энергиясига қарамликдан қутилди. Бу газининг 55 фоизи Россияга боғлиқ мамлакат учун фавқулодда катта ғалаба. Немис саноати газ истеъмолини йил бошидан бери 25 фоизга қисқартирганида ишлаб чиқариш бор-йўғи 1,4 фоизга тушди. Ҳукумат муқобил таъминотчиларни Норвегия, Нидерландия, Белгия ва Франциядан топди. Германия захиралари ўрганилса, келгуси қиш янада ташвишли бўлса-да, бу йил электр энергиясининг ўчирилиши Европада камроқ кузатилади.

Германия нархи баланд субсидия пакетларини чиқариш орқали кўтарилган векселлардан атрофдагилар ғазабини бостиришда фойдаланди. Брюгел институтига кўра, 2021 йил сентябрида бошланган энергия инқирозидан истеъмолчиларни ҳимоя қилиш мақсадида Европа мамлакатлари бўйлаб 705,5 миллиард евро (614 миллиард фунт стерлинг) ажратилган.

Бироқ шу маблағ етармикан? Тунлар узун, термометрлар кўрсаткичи тобора пастга тушмоқда, энергия тўловлари камаймоқда. Ажаб замонлар келмоқда. Зеленскийнинг ёш, ғайратли стратегик алоқалар жамоасининг такрорланаверадиган даҳшатли туши шуки, Украинанинг азоб-изтироблари ҳадемай янгиликларда янграмайди, бир замонлар озодлик сўзи билан маънодош келган мамлакат эса ортиқча юкка айланади. «Бизнинг принципимиз жуда оддий», дейди президент маъмурияти раҳбари Андрей Ермак. «Агар назардан қолсак, ўлган кунимиз шу». Украина учун дунё диққат-эътибори паноҳ бўлиб хизмат қилмоқда.

13 декабрда қисман блекаут кузатилган Украина пойтахти Киевдаги манзара. Фото: Сергей Супинский /AFP / Getty Images13 декабрда қисман блекаут кузатилган Украина пойтахти Киевдаги манзара. Фото: Сергей Супинский /AFP / Getty Images

Айни шу Путинни яна ва яна тактик чоралар кўришга, Европанинг қарорини заифлаштириш учун турфа уруш воситаларига мурожаат қилишга ундамоқда. Октябрда бошланган фуқаро энергетика тузилмаларига ҳужумдан асл мақсад Украинадаги қашшоқлик, ночорлик кўламини кенгайтириш қатори маҳаллаларни яшашга яроқсиз ҳолга келтиришдир. Агар вазият шундай давом этаверса, одамлар чор-ночор яшаётган жойини ташлаб кетишга мажбур бўлади ва украинларнинг иккинчи қочқин тўлқинига Ғарб асло тоқат этолмайди. Украина халқ депутати Леся Василенко ҳозиргача 14 миллион украиналик яшаш жойини ўзгартиргани, шундан 7 миллиони хорижга кетганини маълум қиларкан, очиқчасига британ сиёсатчиларидан қўрқаётгани, уларнинг украин қочоқларига нисбатан кайфияти ўзгариб қолишидан хавфсираётганини тан олди. Мактабларда украиналикларни хўрлаш, камситиш аллақачон бошлангани ҳақидаги хавотирли бонглар янграмоқда, дейди у.

Бироқ Польша миграция масалалари эксперти, Варшава университети профессори Мацей Душчик 70 фоиз украиналик қочоқ Полша чегарасидан ўтгани ва тарихдан чиқарилган сабоқлар туфайли ўлкада қочоқларга нисбатан ҳеч қандай номақбул жавоб бўлмаганини айтади. Польша яксон этиш, бўлиниш, геноцид, мустамлакачилик ва коммунизм сўзларини Россия билан ёнма ён қўяди.

Украина билан боғлиқ ҳозирги ёки ўтмишдаги фарқлар қандайлигидан қатъий назар икки мамлакатнинг Россияда умумий душмани бор, дейди Душчик. Польша бугун Украинадан келган тахминан 1 миллион қочқинга бошпана берди (ва жуда кўпи урушдан аввал ҳам шу ерда қўним топганди). 60 фоизга яқини эса ишини ҳам топган. Душчик келгуси йилдаги сайловларда қочқинлар муаммоси кўтарилмаслигини умид қилади.

Львовдан келган Елена ва унинг укаси Бодия Польшанинг шарқий қисмидаги Медйка пиёдалар чегара пунктида. 2022 йил, феврал. Фото: Войтек Радвански / AFP / GettyЛьвовдан келган Елена ва унинг укаси Бодия Польшанинг шарқий қисмидаги Медйка пиёдалар чегара пунктида. 2022 йил, феврал. Фото: Войтек Радвански / AFP / Getty

Сони тобора ошаётган оқим якуни эса оғриқсиз бўлмайди. Биргина Варшавада мактаб ва боғчалар 18 минг болани қарамоғига олгани учун шаҳар мэри Европадан молиявий кўмак сўрамоқда. Душчик ҳозирча чегара ўтиш жойидаги ҳолат барқарор эканини айтади, лекин ҳар кун эрталаб Киевдаги об-ҳаво ва электр станциялари ҳолати ҳақидаги хабарлар келиб туришини тасдиқлайди. «Биз давлат ё жамият сифатида Украинадан келажак иккинчи қочоқлар тўлқинини қабул қилишга тайёрмизмикан?», дейди у.

Агар Польша «йўқ, тўлдик», дея қарор чиқарса ёки шу масала бўйича Германия билан сайлов сиёсатини ўйнашга уринса, 2 миллиондан ортиқ қочоқ Ғарбий Европа давлатларига, асосан Германия томон ҳаракатланади. Ҳисоб-китобларга кўра, бу йилига тахминан 48 миллиард еврога тушиши мумкин.

Европа халқ партияси раҳбари, Умумевропа консерватив сиёсий гуруҳи аъзоси Манфред Вебер Германия секин-аста инқирозга томон кетиши мумкинлигидан огоҳлантиради: «Путиннинг террор режими сабаб биз қишда мисли кутилмаган муаммоларга дуч келамиз деб қўрқаман. Германиядаги қабул марказлари аллақачон тўлган, муниципалитетлар, Нидерландия, Бельгия ва Австрияга ўхшаган мамлакатлар дод деворгулик аҳволда. Бу гўё Германияда бир неча ой ичида машғулотлар марказини очиб, уларни тўлдириш учун мактаб ва спорт комплексларини чеклашимиз шарт деган гапга ўхшайди. Германия бунга тайёр эмас».

Украинадан поездда Берлиннинг асосий станциясига 2 мартда келиб тушган аёлни дўсти қучоқ очиб қаршиламоқда. Фото: Тоби Шварц / AFP / Getty ImagesУкраинадан поездда Берлиннинг асосий станциясига 2 мартда келиб тушган аёлни дўсти қучоқ очиб қаршиламоқда. Фото: Тоби Шварц / AFP / Getty Images

Европанинг бошқа давлатларига қараганда Германия қитъанинг Украина билан алоқалари бардавомлигини сақлаб қолиш-қолмаслигини аниқлайди. Собиқ дипломат Волфганг Исчингер Германия ташқи сиёсатини ўзгартиришга ва статус-квога риоя этишдан воз кечишга тайёр Европа давлати бўлди, дейди. Бир тарафдан охирги 12 ой ичида ўлка ўзининг урушдан кейинги қарашларини ўзгартиришга уринди. Канцлер Олаф Шолц эса анча сийраклашган армиясига 100 миллиард евро сармоя киритишга қарор берди. Германия томони уруш ўчоғига танкка қарши ракета ва Стингер ракеталарини юборишга рози бўлди. Йиллар бўйи Россия билан муроса қилишда энг фаол мамлакат президенти бўлмиш Франк Волтер Штайнмайер афсусдалигини билдириш учун Киевга йўл олди. Германиянинг Россия газига қарамлиги мутлақо стратегик хато бўлгани, Путиннинг димоғини кўтариб, гап уқмас одам пайдо бўлишига замин ҳозирлаганини айтди. «Ёмонлик олдида яхши ният асло кифоя қилмайди», деди у.

Германия федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербок янаям илгарироқ кетиб, социал-демократларнинг Шарққа оид сиёсати нотўғри тарихий таҳлилга асосланганини танқид қилди. Германиянинг «айрича масъулият» борасидаги қарзи мамлакатни Россияга эмас, энг аввал яҳудийлар ва поляклар, белоруслар, украинлар ва шундан кейингина русларга боғлайди. У Шолц доимий қочадиган формулани келтирди: «Биз хавфсизликка Владимир Путиннинг Россиясисиз эришамиз».

Аксари уруш ҳудудларидан қочган украиналиклар Украинанинг Берлиндаги элчихонаси бўлими олдида. Германия, 2022 йил 1 апрель. Фото: Maркус Шрейбер / APАксари уруш ҳудудларидан қочган украиналиклар Украинанинг Берлиндаги элчихонаси бўлими олдида. Германия, 2022 йил 1 апрель. Фото: Maркус Шрейбер / AP

Вазир шу фикрлари билан Байден, Макрон ва ҳатто Шолцдан кўра уруш Путиннинг мағлубияти билан тугаши шарт дейдиганларга яқинроқ туради, бироқ бундай ёндашув Европанинг Россия билан келгуси алоқаларида мураккаб саволларни кўтармай қўймайди. Бироқ Бербок якунга жавобгар эмас. «Бурилиш нуқтаси ҳалокатли ва бизнинг на руҳий, на стратегик таянчимиз бор. Тўғри, жуда кўп пул сарфланяпти, лекин Германия ташқи сиёсатини худди шу бюрократик эҳтиёткор фикрга эга кишилар бошқаради. Ҳамма гап — жараёнда», дейди доктор Штефан Майстер Германия ташқи ишлар кенгашида.

Донецк вилоятининг Покровскоесидан эвакуация қилинаётган оила поездда кетмоқда. 30 ноябрь. Фото: Анатолий Степанов / AFP / Getty ImagesДонецк вилоятининг Покровскоесидан эвакуация қилинаётган оила поездда кетмоқда. 30 ноябрь. Фото: Анатолий Степанов / AFP / Getty Images

Болтиқбўйи дипломатларидан бири уруш тугаши билан ҳисоб-китоб қилинса, Франко-Германия оғирлик марказидан узоқлашишни ваъда бермоқда. «Германиянинг ёниб-куйиши учун сабаблар борлигини ҳамма билади, ҳа, улар кўпинча тўғри қарор қабул қилган бўлиб чиқишади, лекин бунга жамики имкониятларини сарфлагач эришадиларки, натижада ўз обрўларини ўзлари тўкадилар» дейди у. Украиналик дипломат ҳам шундай фикрда. «Биз ҳар доим муайян пойтахтлардан бадарға бўлиш қўрқуви билан яшаяпмиз. Агар ортимизга қайтарилсак, бу Россия табиатини нотўғри тушунганлари ва биз нима учун курашаётганимизнинг экзистенциал можароси бўлади».

Бу зиддият Путин тасвирлаган Россиянинг тарихий келажаги деб аталмиш нуқтаи назарга қайтаради.

24 февраль босқинидан бир неча кун ўтиб рус қўшинлари томонидан босиб олинган Купянскнинг йўл четида вайрон этилган рус танки. Бу ҳудуднинг босиб олиниши Россия тарафдори — Купянск мэрининг таслим бўлиши билан тезлашганди. Фото: Крис Маккарти / Getty Images24 февраль босқинидан бир неча кун ўтиб рус қўшинлари томонидан босиб олинган Купянскнинг йўл четида вайрон этилган рус танки. Бу ҳудуднинг босиб олиниши Россия тарафдори — Купянск мэрининг таслим бўлиши билан тезлашганди. Фото: Крис Маккарти / Getty Images

Ҳадемай чоп этиладиган «Россия уруши» китоби муаллифи, академик Жейд Макглинн Россия нима учун Украинадан воз кечиши жуда қийинлигини изоҳлайди. «Сергей Лавров (Россия ташқи ишлар вазири) Россиясиз Украинанинг бирор тарихи ёзилмаслигини таъкидлайди. Аммо амалда бунинг бутунлай тескариси бўлмоқда. Украинасиз Россиянинг ўз-ўзини англаши — бу ортодоксалликка асосланган учинчи Римдек гап — мутлақо мумкин эмас».

Мана, нима учун Россия бу урушда муваффақиятсизликка учраётганини тан олиши қийин экан.