Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни ўтказган йилиғилишида Тошкент шаҳрида энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Тадбирда давлат раҳбари қуёш панелларини ўрнатиш ҳам энергетика тизими учун, ҳам оилалар учун манфаатли бўлишини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, пойтахтда камида 2 минг мегаваттга яқин қувватли қуёш панелларини ўрнатиш мумкин.

Келтирилишча, давлат панель ўрнатган тадбиркорлардан электрни кафолатли сотиб олади. Кейинги йилдан эса бошқа истеъмолчиларга ҳам сотиши мумкин бўлади.

«Аҳоли ўз хонадонида панель ўрнатса, эҳтиёжидан ортиқ тармоққа сотган электр энергиясининг ҳар бир киловатти 1 минг сўмдан сотиб олинади. Ҳозир 295 сўм. 3 карра кўп бўлса ҳам сотиб оламиз. Бу ҳам бизга манфаат келтиради. Бутун дунёда вазият ҳозир бошқача. Энергия тарифлари жуда ҳам юқори бўляпти. Биз аҳолини ўйлаб, электрни арзон беряпмиз. Лекин, аҳолидан 4−5 баробар қиммат сотиб оламиз», — деди президент.

Таъкидланишича, сотиб олинган эенергия учун бериладиган пул фуқаронинг пластик картасига тушириб берилади.

«Ҳар ойда ҳисоб-китоб қилиб, маблағлар хонадон эгасининг пластик картасига ўтказиб берилади. Масалан, ҳозирда 5 кишилик оила ойига 400 киловатт/соат электр истеъмол қилади ва бунга 118 минг сўм тўлайди. Агар, шу оилада 5 киловатт панель ўрнатса, ойига 750 киловатт/соат энергия ишлаб чиқаради. Ортган 350 киловатт/соатини тармоққа сотиб, ойига 350 минг сўм қўшимча даромад олади. Ўзи истеъмол қилган электр энергияси пули ҳам ёнига қолади. Бу йилига бир оила учун камида 5−6 млн сўм қўшимча даромад дегани», дея таъкидлади давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев йиғилишда саноат зоналари ва йирик корхоналарда 400 млн киловатт соатлик қуёш панеллари ўрнатиш, Юқоричирчиқ туманида 500 мегаваттли қуёш электр станциясини қуриш чораларини белгилаб берди. Ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида ҳам қуёш панеллари ўрнатиш, саноат корхоналарида электр йўқотишларини камайтириш, магистрал иссиқлик тармоқлари ва 1 минг 817 та кўп қаватли уйнинг ички иситиш тизимини янгилашни топширди.

Умуман, шаҳарда қайта тикланувчи энергия жорий қилиш учун 1 миллиард доллар йўналтирилади, дейилади хабарда.