Президент парламент ва халққа мурожаатномасида энергетика соҳасидаги муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси маълум қилди.

Давлат раҳбари кўп йиллар давомида янги газ конларига инвестиция киритилмагани, электр ва газ тармоқлари модернизация қилинмаганини таъкидлаб, бунинг оқибатида тизимда аниқ ҳисоб-китоб йўқлиги, катта йўқотишлар оддий ҳолга айланиб қолганини танқид қилди.

«Сўнгги олти йилда аҳолимиз 12 фоизга, саноат корхоналари эса 2 баробарга ортиб, 45 мингдан 100 мингтага кўпайди. Натижада, электр энергиясига талаб камида 35 фоизга ошди ва йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши учун, энергетика соҳасига 25−30 миллиард доллар инвестиция керак. Бунга фақатгина хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкин», — дея таъкидлади президент.

Шунингдек, давлат раҳбари уй, ишхона, боғча, мактаб ва кўчаларда одамларга энергиянинг қадрига етиш, уни тежашни ўргатиш кераклигини, қонунларда ҳам бу масалаларни мустаҳкамлаш зарурлигини айтиб ўтди.

«Келаси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади. Ушбу мақсадларда 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинади. Бунинг ҳисобига, уларнинг 60 фоиз электр ва газ истеъмоли «яшил энергия»га ўтказилади. Аҳоли хонадонларида эса, қуёш панели ўрнатишга ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2 баробарга кўпайтирилади», — дея таъкидлади президент.

Шу билан бирга, кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кескин оширилишига кўрсатма берди.

«Тошкент вилоятида Олмалиқ, Бекобод комбинатлари ва бошқа йирик корхоналар ўз эҳтиёжлари учун 1 минг мегаваттли қуёш электр станцияларини ўрнатса, йилига 2,5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Бу орқали, Тошкент вилоятининг қарийб 30 фоиз электр истеъмоли таъминланади ва 500 миллион куб метр газ тежалади», — дея изоҳ берди президент.

Худди шундай, бошқа вилоятлар ҳам, ҳисоб-китобларини қилиб, келгуси йил учун аниқ режаларини белгилаб олиши кераклигини шу билан бирга, республиканинг ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими ҳам ўз ҳудудидаги хонадон ва корхоналарда жами 5−10 мегаваттли қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга ошириши шартлигини қайд этди.

Келаси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади. Ушбу мақсадларда 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинади. Бунинг ҳисобига, уларнинг 60 фоиз электр ва газ истеъмоли «яшил энергия»га ўтказилади. Аҳоли хонадонларида эса, қуёш панели ўрнатишга ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2 баробарга кўпайтирилади, дея таъкидлади президент.