Ўзбекистонда конларга хорижий компанияларни жалб қилиш ишларига парламент ҳам масъул бўлиши керак. Ушбу фикр Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Юксалиш» миллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов томонидан илгари сурилди.

«Газ ва энергия ишлаб чиқариш бозорида ишлаётган компаниялар парламент олдида ҳисобдор бўлиши керак. Конларга хорижий компанияларни жалб қилиш ишларига Парламент ҳам масъул бўлиши — ҳар қандай эҳтимолий таъсирларнинг олдини олади. Буни қонунчилик билан белгилаш зарур», — деб ёзди у.

У «Озодлик»нинг нефть ва газ конлари хориж компанияларига махфий ҳужжатлар асосида ўтказилгани ва мамлакат энергетика соҳасидаги ношаффоф битимлар ҳақида хабар берилган «Махфий келишувлар — ўзбекни газсиз қолдирган «валломатлар» ким» сарлавҳали суриштирувига ҳам изоҳ берди. Унинг фикрича, суриштирув манипулятив ва провокацион характерга эга.

«Ўзбекистон сиёсати мустақил ва миллий манфаатлар асосида олиб борилмоқда. Бу рўй бераётган глобал сиёсий жараёнларга мамлакатимиз ёндашувларида ҳам яққол кўринмоқда. Дунёнинг нуфузли сиёсий лидерлари ҳам мамлакатимизнинг айнан мустақил ички ва ташқи сиёсатини эътироф этмоқда», — деб ҳисоблайди у.

Депутат 2022 йил декабрида президент Шавкат Мирзиёевнинг газ ишлаб чиқаришга олдин берилган барча лицензиялар қайта кўриб чиқилиши, миллий манфаатлар мезонидан ўтказилиши ҳақида маълум қилганини эслаб ўтди.

Бобур Бекмуродовнинг фикрича, жамоатчилик расмий идораларга саволларни қўйиши тўғри, аммо ахборот ҳуружлари вибрациясига тушмаслиги лозим.

«Ўзбекистонда бошланган демократик ислоҳотлар, иқтисодиёт модернизацияси курси изчил давом этиши, манипуляцияларга жамият иммунитети шаклланиши объектив заруратдир», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 12 февраль куни журналистлар билан учрашувда Ўзбекистон барча газ ва нефтга оид эксклюзив ҳуқуқни Россияга қарашли компанияга 35 йилга бергани ҳақидаги маълумотни рад этди. «Эксплуатацияда бўлган конларнинг асосий қисми «Ўзбекнефтгаз»га тегишли», — деди у.

Энергетика вазирлиги раҳбари ва «Ўзбекнефтгаз» компанияси раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг маълум қилишича, маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимларни (СРП) парламент орқали тасдиқлаш бўйича ҳукуматга таклиф киритилган. Уларнинг таъкидлашича, бу амалиёт Озарбайжонда қўлланилади. Бундан ташқари, эксплуатация қилинадиган конларни бошқа компанияларга беришни тақиқлаш режалаштирилмоқда.