S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсишини 2023 йилда 5 фоиз, 2024 йилда эса 5,5 фоиз даражасида прогноз қилмоқда. Бу ҳақда рейтинг агентлигининг Ўзбекистон банк сектори таҳлилига бағишланган ҳисоботида маълум қилинди.

2022 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти Украинага қарши уруш оқибатларини агентлик таҳлилчилари тахмин қилганидан кўра яхшироқ енгиб ўтди, бунга Россиядан пул ўтказмаларининг кўпайиши ҳамда Россия билан савдо ҳажмининг ошиши сабаб бўлди.

Жорий йил учун ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши тахминан 5 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда, бироқ кейинги икки йилда у 5,5 фоизни ташкил этади. Минтақадаги ва жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазиятга қарамай, иқтисодиёт тикланишда давом этади.

Бироқ Россия-Украина можароси, иқтисодий пасайиш ва инфляция босими фонида иқтисодий кўриниш ўзгарувчанлигича қолмоқда. Пул ўтказмаларининг ўсиши, шунингдек, капитал ва мигрантлар оқимининг ўсиши 2023 йилдан бошлаб ўзгара бошлайди.

S&P Ўзбекистонда давлат корхоналари самарадорлигини ошириш ва хусусийлаштиришни амалга ошириш бўйича иқтисодий ислоҳотлар дастурини ижобий баҳолайди.

Бу давлат сектори устунлик қиладиган иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади. Минтақадаги геосиёсий кескинликлар ва жаҳон иқтисодиётининг беқарор прогнози туфайли кенг кўламли хусусийлаштириш вақт талаб этади.

Таҳлилчилар иқтисодий муҳит 2022 йилдаги мўътадил ўсиш билан солиштирганда, 2024 йилга келиб кредитлашнинг 25−30 фоизга ўсишини қўллаб-қувватлашини кутмоқда. Баъзи ютуқларга қарамай, долларлашув кейинги икки йил давомида юқори даражада қолиши мумкин.

2022 йили аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 9,3 фоизга ўсди ва 2146,7 долларни ташкил этди. Бироқ яширин иқтисодиётнинг сезиларли ҳажми туфайли аҳолининг реал даромадлари расмий даромадлардан юқори бўлиши мумкин.

Маълумотларга кўра, ҳукуматнинг соф қарзи 2025 йилга бориб ЯИМнинг 23 фоизини ташкил этади — бу халқаро контекстда паст даража. Жорий ҳисоб тақчиллиги кейинги уч йил ичида ялпи ички маҳсулотнинг ўртача 6 фоизини ташкил этади, лекин тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва қарзлар оқими ҳисобига молиялаштирилади.

«Биз ҳали ҳам Ўзбекистоннинг сиёсий тизими юқори даражада марказлашган, институционал тизим эса нисбатан заиф деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга, ҳукуматнинг барча даражаларда назорат ва мувозанат тизимини ривожлантиришга уринишларини қайд этамиз. Қарорларни қабул қилиш жараёни қисман ноаниқ ва юқори даражада марказлашганлигича қолмоқда, давлат органлари ўртасидаги назорат ва мувозанат тизимининг самарадорлиги, бизнингча, чекланган, бу эса келажакдаги сиёсий қарорларни башорат қилишни қийинлаштиради», — дейилади агентлик шарҳида.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 2023 йил охиригача мамлакат иқтисодиёти 4,5−5% даражасида ўсишини прогноз қилган. Кутилаётган инфляция даражаси эса 8,5−9,5% бўлади. Бу йил пул-кредит сиёсатининг таъсир доираси базавий инфляциянинг ўсиш динамикаси ҳамда ташқи иқтисодий шароитлардаги хатарлар сабаб қисқариши мумкин.