Туркияда содир бўлган даҳшатли зилзиладан сўнг қидирув-қутқарув ишлари давомида икки нафар ўзбекистонликнинг жасади топилди, 8 нафар фуқаро мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди.

11 февраль куни зилзила оқибатида Ҳатай шаҳрида вафот этган Андижон вилоятида туғилган 56 ёшли У. Ҳ. ва Каҳраманмараш шаҳрида вафот этган Наманган вилоятида туғилган 40 ёшли Н. М.нинг жасади Ўзбекистонга юборилди.

10 февраль куни 2 нафар фуқаро Адана шаҳридан, 11 февраль куни бир оиланинг 5 нафар аъзоси Малатя шаҳридан, яна бир фуқаро эса Газиантеп шаҳридан эвакуация қилинди. Улар Истанбул — Тошкент йўналишида Ўзбекистонга қайтарилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 8 февраль куни Хатай ва Малатя шаҳарларида вайроналар остидан ўзбекистонлик бир аёл ва бир эркак қутқариб олинганди. Қаҳрамонмарашдаги вайроналар остидан эса бир нафар эркак топилиб, касалхонага ётқизилганди. Малатья шаҳрида бир нафар Ўзбекистон фуқароси зилзила оқибатида ҳалок бўлганди.

11 февраль соат 19:00 ҳолатига кўра Туркияда зилзила қурбонлари сони 21 848, жароҳатланганлар сони эса 80 104 кишига етди.