Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида Қирғизистондан ноқонуний олиб ўтувчи ерости йўллари аниқланди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Қайд этилишича, 3 ва 9 февраль кунлари Ўзбекистон ДХХ ва Ички ишлар вазирлиги томонидан тезкор тадбирлар олиб борилган. Жараён давомида Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қора-Суу тумани ҳудудидан Ўзбекистон давлат чегараси орқали Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани ҳудудига олиб кирувчи, ҳар бирининг эни 60 см, баландлиги 1,5 метр, узунлиги тахминан 150−200 метрли иккита ерости йўллари мавжудлиги аниқланган.

Ҳозирда бу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон билан Ўзбекистонни ноқонуний боғловчи ерости туннели биринчи марта топилаётгани йўқ. Бундан аввал ҳам — 2022 йилнинг май ва июнь ойларида бундай йўллар топилганди.