4 июнь куни Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасув ҳудудидаги турар-жой биносининг бетон қопламали ертўла қисмидан Қирғизистон билан Ўзбекистонни боғловчи ерости туннели топилди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб Кактус Медиа хабар берди.

Аниқланишича, 17,5 метр чуқурликда жойлашган туннелнинг кириш жойи 1,8 метр, кенглиги эса 70−80 смни ташкил этади. Киришдан чиқиш йўлигача бўлган умумий масофа 155 метрга тенг.

Видеодан лавҳа.

Ҳозирда ҳар икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу туннелни ким ва нима учун қазгани, ундан контрабанда ёки бошқа қонунбузарлик ҳолатлари учун фойдаланилгани бўйича суриштирув ишлари олиб бормоқда.

Аввалроқ ҳам Ўш вилояти Қорасув туманидаги Тельман қишлоғида 270 метр узунликдаги Қирғизистон билан Ўзбекистонни боғловчи ерости туннели топилганди. Унинг ёрдамида икки мамлакатга бемалол ўтиш мумкинлиги, туннелни қазиганликда гумон қилинаётган шахс эса руҳий касалликлар шифохонасида эканлиги айтилган.