Тошкентда йилига 700 минг тонна чиқинди ҳосил бўлиши билан, бугунги кунда бор-йўғи 18 фоизи қайта ишланмоқда. Бу ҳақда чоршанба куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда маълум қилдинди.

Бундан ташқари, чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича қилинаётган ишлар ҳам мутлақо қониқарсизлиги таъкидланди.

«Махсустранс» фаолиятини ислоҳ қилиш, унинг молиявий аҳволини яхшилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга шаҳар чиқиндисини қайта ишлашни камида 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Йиғилиш якунида шаҳар раҳбарияти ва туманлар ҳокимларининг ҳисоботи тингланди.

Президент 2020 йил декабрь ойида Тошкентда чиқиндиларни алоҳида йиғиш тизимини жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. 2021 йилдан бошлаб 24 та маҳаллада алоҳида йиғим бошланиши, 2023 йилдан эса бутун пойтахт бўйлаб қўлланилиши режалаштирилган эди.

Бунга қадар ҳам пойтахтда чиқиндиларни алоҳида йиғиш йўлини йўлга қўйишга уринишлар бўлган, бироқ режалар бажарилмаган.

Президент бир йил муқаддам ўтказилган йиғилишда мамлакатда маиший чиқиндиларни йиғиш хизматлари қамровини 95 фоизга, уларни қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш бўйича топшириқ берган эди.

Мамлакатдаги 197 та чиқинди полигонининг бирортаси ҳам санитария-экологик талабларга жавоб бермайди, 24 та чиқиндихона тўлган, дейилганди ўшанда.