8−9-февраль, чоршанба ва пайшанба кунлари А-373 «Тошкент — Ўш» автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши кутилмоқда, дея хабар берди «Ўзгидромет» матбуот хизмати.

Бундан ташқари, довонда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши, автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.

8−13 февраль кунлари кутилаётган ёғингарчилик ва ҳаво ҳароратининг сезиларли ўзгариши муносабати билан Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор кўчкиси хавфи эълон қилинди:

  • Қашқадарё вилоятида: Китоб ва Шаҳрисабз туманларида;
  • Сурхондарё вилоятида: Қумқўрғон, Сариёси, Узун ва Бойсун туманларида;
  • Самарқанд вилоятида: Самарқанд ва Ургут туманларида;
  • Жиззах вилоятида: Зомин ва Бахмал туманларида;
  • Тошкент вилоятида: Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ туманлари ва Чимён тракти бўйлаб;
  • Наманган вилоятида: Поп туманида;
  • Фарғона вилоятида: Сўх ва Фарғона туманларида.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет маълумотларига кўра, пайшанба куни Ўзбекистон ҳудудига совуқ антициклон оқими кириб келади, бутун мамлакат бўйлаб ёғингарчилик кутилмоқда — ёмғир қорга айланади. Ҳаво ҳарорати кечаси -12, кундузи -2 даражагача тушади.