Ўзгидромет хизмати агентлиги ҳафта давомида — 6−10 февраль кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Душанба ва сешанба кунлари Ўзбекистон ҳудуди илиқ ҳаво массаси таъсири остида бўлади. Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 6 февралда республика жанубида, 7 февралда Фарғона водийси вилоятларида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 6 февралда +7…+12 даража, 7 февралда +10…+15 даража, баъзи жойларда +18 даражагача бўлади.

Чоршанба куни Ўзбекистон ҳудудига Ўрта денгиз ҳудудларидан нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, айрим жойларда момақалдироқ бўлиши мумкин. Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди.

Ҳаво ҳарорати кечаси +2…+7 даража, кундузи +10…+15 даража атрофида, баъзи жойларда +17…+20 даражагача бўлади.

9−10 февралда Ўзбекистон ҳудудига маркази Россиянинг Европа қисми устида шаклланган совуқ антициклон қисми кириб келади. Мамлакат бўйича вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир қорга айланади) бўлади. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда кучли ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Ҳаво ҳарорати пасаяди. 9 февралда республика ҳудудининг катта қисмида кечаси ва кундузи +4…9 даража, 10 февралда кечаси 0…-5 даража, кундузи −2…−3 даража бўлади. Республика шимолида ҳарорат кечаси −7…−12 даражагача, Устюртда -15 даражагача, кундузи −2…−7 даражагача пасаяди.

7−9 февраль кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда.