UzA агентлиги Telegram каналининг хабар беришича, Сардор Умурзаков раислигидаги йиғилишда газ ва ёқилғи бензин билан боғлиқ вазиятни нормаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Жумладан:

  • товар газ етказиб бериш ҳажмини суткасига 5 миллион куб метрга ошириш;
  • 2023 йил 1 мартга қадар давлат идоралари тасарруфидаги сиқилган газда ҳаракатланадиган автомобиллардан фойдаланишни тақиқлаш, уларни бензинга ўтказиш;
  • хорижий давлатлар билан қўшимча табиий газ, электр энергияси, кўмир, мазут харид қилиш бўйича музокараларни жадаллаштириш;
  • 2 ой муддатга АИ-80 бензини импорти учун акциз солиғи ва уни чакана сотиш учун акциз солиғини ҳисоблаш ва ундиришни тўхтатиб туриш;
  • биржа сотувларига қўйилаётган АИ-80 бензининг кунлик ҳажмини ошириш;
  • АИ-80 бензини нархининг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик, нарх ошиши бошланғич нархнинг 5 фоизидан ортиқ бўлмаслигини таъминлаш вазифалари топширилди.

Шу билан бирга, қўшимча чора-тадбирлар сифатида барча ишлаб чиқарувчилар ва трейдерларга суюлтирилган газни экспорт қилиш тақиқланди.

Қолаверса, табиий газ етказиб бериш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришга рухсат берилади.

Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларига электр энергияси етказиб беришга ўрнатилган вақтинча чекловлар йил якунига қадар узайтирилди.

Шунингдек, бензин ва дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш учун хомашё ҳамда тайёр бензин импорти оширилади, биржада АИ-80 бензини савдосига воситачи компанияларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Эслатиб ўтамиз, 6 декабрь куни «Ўзбекнефтгаз» АИ-80 бензини нархи оширилмагани ва унинг 1 литри 6800 сўмлигича сақланиб қолаётганини маълум қилганди. Шунингдек, компания республика НҚИЗларида суткасига 4000 тоннадан бензин ишлаб чиқарилаётгани ва автомобиллар учун бу турдаги ёқилғи захираси етарли эканини қайд этганди.

Шундан сўнг Антимонополия қўмитаси айрим ҳудудларидаги АЁҚШларда Аи-80 бензиннинг чакана нархлари ўртача 6 800 сўмдан 7 100 сўмгача ошгани кузатилаётгани ва талаб ошган вақтда нархни асоссиз ошираётган АЁҚШларга тегишли чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирганди.