Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси бошқарувчиси вазифасини вақтинча бажариш Рустам Юсуповга юклатилди. Бу бўйича пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмоновнинг 31 январь кунги фармойишида келтириб ўтилган.

Рустам Абдулаҳатович шу пайтга қадар бош бошқарма бошқарувчиси (Анвар Умаров)нинг биринчи ўринбосари вазифасидан ишлаб келаётганди. У 1986 йил 12 ноябрда Наманган вилояти Чортоқ туманида таваллуд топган. Тошкент давлат аграр университети (2008) ва Ўзбекистон президенти қошидаги давлат бошқарув академиясини (2020) тамомлаган.

2007 йилдан 2020 йилгача Юнусобод тумани Ободонлаштириш бошқармасида фаолият юритган Рустам Юсупов 2020 йил ноябрь ойида шаҳар ободонлаштириш бош бошқармасига ишга ўтган.

Собиқ раҳбар Анвар Умаров эса ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Бу ўзгариш ҳоким в.б. Бахтиёр Раҳмоновнинг 27 январдаги қарорида келтириб ўтилган. Анвар Умаровнинг ўзи ушбу лавозимда 2021 йилнинг ноябрь ойи охиридан бери ишлаб келаётганди (Санжар Уматов ўрнига тайинлаганди).

Бунгача у президент қарори билан аҳолини электр ва газ билан таъминлашдаги инқироз туфайли ишдан олинган собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Раҳмонов аввалроқ собиқ ҳокимнинг ёрдамчиси сифатида фаолият юритган ва унга энг яқин одамлардан бири бўлган Музаффар Абдураҳмоновни ишдан бўшатганди.

Бундан ташқари, 23 январь куни ҳоким кўчаларни, истироҳат боғлари ва майдонларни ёритиш, архитектура ёриткичларини таъмирлаш ва ривожлантиришга масъул «Тошшаҳарнур» корхонаси раҳбарини ҳам алмаштирган.