Тошкент автовокзалидан амалга оширилаётган шаҳарлараро автобус қатновларига чипталарни электрон тарзда харид қилиш учун «UzBus» мобил иловаси ишга тушди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Йўловчилар мобил илова ёрдамида автовокзалдан амалга оширилаётган шаҳарлараро ва халқаро йўналишлардаги қатновлар жадвали билан реал вақт режимида танишиш имкониятига эга.

Вазирлик аввалроқ Avtoticket.uz сайтидан ҳам компьютер, ҳам телефон орқали чипталарни сотиб олиш бўйича сайт ишга туширилганини маълум қилганди.

«UzBus» мобил иловаси орқали ҳозирда Бухоро-Тошкент йўналишидаги автобус қатновларига ҳам чипталарни электрон шаклда сотиб олиш мумкин.

Босқичма-босқич равишда барча вилоятлардан Тошкент шаҳрига бажарилувчи қатновларга чипталарни ушбу мобил илова ёрдамида электрон харид қилиш имконияти яратилади.