Ўзбекистон Транспорт вазирлиги шаҳарлараро автобус йўналишларига чипталарни сотиш бўйича онлайн-хизмат ишга туширилгани ҳақида хабар қилди. Avtoticket.uz сайтидан ҳам компьютер, ҳам телефон орқали фойдаланиш мумкин. Мобил илова ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Ҳозирча «Тошкент» автовокзалидан ҳаракатланаётган шаҳарлараро маҳаллий йўналишлардаги автобус қатновларига чипталарни сотиб олиш мумкин. Яқин орада мамлакатдаги қолган автовокзаллар ҳам уланади, чипталарни олдиндан сотиб олиш муддати узайтирилади.

Чиптани расмийлаштиришда ўриндиқни мустақил равишда белгилаш мумкин. Тўлов амалга оширилганидан сўнг QR-кодли электрон чипта шакллантирилади. У махсус ускуна ёрдамида ҳисобдан ўтказилиши учун ҳайдовчи ёки кондукторга тақдим этилади. Автобусга чиқишда йўловчи исмини чиптада кўрсатилган исм-шариф билан солиштириш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилиши лозим.

«Тошкент» автовокзали кўп йиллар давомида ёпиқ турганидан сўнг жорий йилнинг май ойида очилган эди. Мамлакат бўйлаб автобус йўналишлари ва автовокзаллар тармоғи шакллантирилмоқда.