«Газета.uz» бир кун аввал Нукусдаги кўп қаватли уйда газ портлаб, вайроналар остидан жасади қутқарувчилар томонидан топилган эркакнинг шахсини аниқлади.

Марҳумнинг яқинларига кўра, у 1980 йилда туғилган Саламат Разиев бўлиб, учинчи қават 30-квартирада яшаган, портлаш эса юқори қаватда — 32-квартирада содир бўлган.

Саламат Разиев ногирон бўлиб, 10 йилдан ортиқ вақт давомида даволаниб келаётган бўлган. Шанба куни у касалхонадан уйига қайтган. Бу портлаш содир бўлишидан бир соат олдин рўй берган.

Воқеадан кейин телефон қўнғироқларига жавоб бермагани учун яқинлари уни том қулаши оқибатида вафот этган деб тахмин қилган.

«У ерда омон қолишнинг имкони деярли йўқ эди. Ҳамма қаватлар пастга қулаб тушган», — деди Саламат Разиевнинг қариндоши. Дафн маросими сешанба куни бўлиб ўтади.

Аввалроқ қутқарувчилар вайроналар остидан 5 ёшли қизни олиб чиққани, у тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилгани ҳақида ёзган эдик. Бир кун аввал эса икки киши куйиш жароҳати олгани хабар қилинганди.

Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Республика прокуратурасига кўра, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда айбдор шахслар доирасини аниқлаш, уларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳал этилмоқда.