29 январь куни соат 16:15 атрофида Нукус шаҳри «Темир жол» МФЙда жойлашган 4 қаватли уйда ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, чақнаш оқибатида 2 нафар фуқаро — 2003 йилда туғилган С.Ш. ва 2004 йилда туғилган З.А. куйиш тан жароҳати билан шаҳар шифохонасига жойлаштирилди.

Ҳодиса жойига Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг раиси Аманбай Оринбаев ва Вазирлар Кенгаши раиси Фарход Эрманов етиб борди.

«Воқеа сабабларини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Воқеа жойида аҳоли саломатлиги ҳақида қўшимча маълумот берамиз», — дейилади хабарда.