Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида газ портлагани хабар қилинганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Ушбу воқеа юзасидан тезкор штаб тузилган ва унинг бошчилигида бахтсиз ҳодиса содир бўлган уйда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилган. Шу жумладан, ушбу уйда яшовчи фуқаролар хатловдан ўтказилиб, ўпирилган том ва пол қисмлари тагида фуқаролар бор-йўқлигига аниқлик киритиш бўйича чоралар кўрилган.

Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида вайроналар остида қолиб кетган 5 ёшли қизалоқ турли даражадаги жароҳатлар билан қутқарувчилар томонидан чиқариб олиниб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган.

Шунингдек, бино конструкциялари орасидан қидирув-қутқарув ишлари олиб бориш жараёнида бир нафар фуқаронинг жасади топилган.

«Айни вақтда бино конструкцияларини тозалаш ишлари давом эттирилмоқда. Воқеа юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади», — дейилади хабарда.

Ушбу уйда яшаб келаётган қолган фуқаролар эвакуация қилиниб, вақтинчалик уй-жой ва уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Республика прокуратурасига кўра, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирда айбдор шахслар доирасини аниқлаш, уларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳал этилмоқда.