Тошкент ҳокимлиги ҳузуридаги шаҳарда бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар қурилишига буюртмачи сифатида фаолият юритувчи «Ягона буюртмачи хизмати» давлат унитар корхонаси раҳбари ўзгарди. Тошкент шаҳар ҳокими в. б. Бахтиёр Раҳмоновнинг 25 январдаги қарорида бу ҳақда сўз боради.

Ҳужжатга кўра, Раҳматуллахўжа Усмонович Кучкаров ўз хоҳишига кўра корхона раҳбари лавозимини тарк этган. Унинг ўрнини аввал ҳам «Ягона буюртмачи хизмати»га раҳбарлик қилган Собиржон Шамсидинович Орипов эгаллади. У, жумладан, 2014 йил ҳамда 2019−2020 йилларда ДУК раҳбари сифатида фаолият кўрсатган.

2021 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Зомин туристик дам олиш зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонаси директори лавозимига тайинланди. Ўша йил охирида икки ҳафта давомида Тошкентнинг Юнусобод тумани ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ҳам ишлашга улгурган.

Аввалроқ Бахтиёр Раҳмонов Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ёрдамчиси бўлган Музаффар Абдураҳмоновни ҳам лавозимидан озод қилган эди.

23 январь куни ҳоким пойтахт кўчалари, истироҳат боғлари ва майдонларини ёритиш, архитектура ёритгичларини таъмирлаш ва ривожлантиришга масъул «Тошшаҳарнур» корхонаси раҳбарини ҳам алмаштирганди. Умидбек Ражабов ўрнига аввал «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» бош директори лавозимида вақтинча фаолият кўрсатган, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимида ишлаган Шомансур Аҳмедов тайинланди.