Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни ШҲТ саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров билан учрашув ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қирғизистон раҳбари Ўзбекистон етакчисига ҳар доимгидек самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Самарқандда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини қайд этди.

Президентлар стратегик шериклик тамойилларига асосланган сермаҳсул икки томонлама ҳамкорлик ижобий суръат билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидладилар. Ўзаро савдо жадал ўсиб бормоқда, йил бошидан унинг ҳажми 30 фоизга ошди.

Саноат, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт соҳаларида қўшма кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.

Бутун Марказий Осиё минтақасининг ривожига хизмат қиладиган «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли ва Қамбарота-1 ГЭС қурилишини тез фурсатда бошлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бўлажак олий даражадаги мулоқотлар режаси ҳамда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида «Қирғизистонда Қамбарота-1 ГЭС қурилиши» сармоявий лойиҳасини биргаликда тайёрлаш тўғрисидаги битим ва электр энергиясини ўзаро етказиб бериш бўйича протокол имзоланган эди.