6 январь куни Бишкек шаҳрида Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков, Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев ва Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Қамбарота-1 ГЭС қурилиши лойиҳаси бўйича «йўл харитаси»ни имзолади, дея хабар қилди Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати.

«Йўл харитаси» доирасида томонлар лойиҳани амалга оширишнинг асосий шартларини келишди ва электр станциясини ўз вақтида ишга тушириш бўйича кутилаётган чора-тадбирларни белгилаб олди.

Қамбарота-1 ГЭС Қирғизистондаги энг йирик электр станцияга айланиши, бу Марказий Осиё мамлакатларини электр энергияси билан таъминлаши ҳамда минтақанинг сув таъминотини барқарорлаштириши режа қилинган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, лойиҳа доирасида 5,4 млрд куб метрга тенг сув омбори ва 1860 МВт қувватли гидроэлектр станцияси ишга туширилади. Натижада йилига ўртача 5,6 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

йўл харитаси, қамбарота-1 гэс

Фото: Қозоғистон Энергетика вазирлиги

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Самарқандда 2022 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасидаги музокаралар чоғида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли ва Қамбарота-1 ГЭС қурилишини тез фурсатда бошлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратган эди.

Ундан аввал ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида «Қирғизистонда Қамбарота-1 ГЭС қурилиши» сармоявий лойиҳасини биргаликда тайёрлаш тўғрисидаги битим ва электр энергиясини ўзаро етказиб бериш бўйича протокол имзоланганди.