Бош прокуратура матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Фарғонада эркак ҳомиладор аёлини машинага солиб ёқиб юборгани айтилган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, 24 январь куни соат тахминан 19:00 да фуқаро М.У. Matiz автомашинаси бошқарувида ҳомиладор турмуш ўртоғи (шаръий никоҳ асосида) — 1987 йилда туғилган М.Х.ни шифохонадан яшаш хонадонига олиб кетаётган вақтида турмуш ўртоғи уни рашк қилиб, оғзаки жанжаллашган.

М.У. турмуш ўртоғи билан гаплашиб олиш мақсадида автомашинани Фарғона шаҳридаги «Нефтчи» стадиони рўпарасида тўхтатган.

«Шу вақтда автомашина орқа ўриндиғида ўтирган М.Х. (аёл) ўзи билан уйидан олиб чиққан пластмасса идишдаги бензин ёнилғисини дастлаб турмуш ўртоғи М.У., кейинчалик эса ўзи ва автомашина салони ичига сепиб, ёқмоқчи бўлган. Турмуш ўртоғининг ушбу ҳаракатидан қўрқиб кетган М.У. автомашинадан тушиб, ташқарига қочган вақтда М.Х. ёндиргич (зажигалка) билан ўзини ва автомашинани ёқиб юборган», — дейилади хабарда.

Чақирувга асосан ҳодиса жойига етиб келган Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан ёнғин ўчирилиб, тез-тиббий ёрдам бўлими ходимлари томонидан автомашина салонида бўлган марҳума М.Х.нинг ёнғин вақтида туғилган ўғил чақалоғининг ҳаёти сақлаб қолинган.

Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан, чақалоқ шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми «б» банди (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.