Ўзбекистонда аномал совуқ туфайли 12 январдан газ қуйиш шохобчалари фаолияти тўхтатилгач, ҳудудлардаги транспорт муаммоси янада долзарблашди. Газ-заправкалар ёпилиши ҳудудда йўловчи ташувчи асосий транспорт воситаларидан бири — Damas’лар фаолиятига салбий таъсир кўрсатган. Damas’лар тўлақонли ишламагач, бекатларда манзилига етиб ололмаётган йўловчилар кўпайиб кетган.

Қорақалпоғистонда бу муаммога ечим топилди — кўнгиллилар совуқда қолиб кетган йўловчиларга бепул хизмат кўрсатмоқда. Дастлаб бир гуруҳ фуқароларнинг шахсий ташаббуси сифатида бошланган ушбу ижтимоий ҳаракат кейинчалик республика раҳбарияти томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.

Қорақалпоғистон Транспорт вазирлиги матбуот котиби Заҳида Қалжанова «Газета.uz»нинг Нукусдаги мухбирига маълум қилишича, Жўқорғи Кенгес раиси Аманбай Оринбаев давлат идораларига ўз ҳисобидаги автобусларни йўналишларга чиқариш ва аҳолига бепул хизмат кўрсатиш ҳақида топшириқ берган.

қорақалпоғистон

Ҳозирда Қорақалпоғистон ИИВ, ССВ, Транспорт вазирлиги ва Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган мактабга тегишли автобуслар йўналишларга чиқарилган, автобусларга ёқилғи қуйишда «Ажинияз қарақалпақ» дорихонаси ёрдамлашмоқда.

Ёшлар ишлари агентлиги, унинг ҳудудий бўлимлари ҳам «Савобли иш» акцияси доирасида бепул машиналарни қатновларга чиқарган. Қорақалпоқ давлат университети эса кунига 50 та машинани шаҳарга чиқариб, йўловчиларни бепул етказиб қўймоқда. Бу борада маҳаллий тадбиркорлар ҳам фаоллик кўрсатмоқда.

қорақалпоғистон

Энг гавжум Нукус марказий бозори автотураргоҳига кириш учун тўлов бекор қилинган — илгари бозорнинг асосий «парковка»сига фақат линияларда қатновчи Damas’лар кира оларди, холос. Шу ерда йўловчи ва ҳайдовчиларга иссиқ чой ва қаҳва ҳам тарқатилмоқда.

қорақалпоғистон

Ушбу ижтимоий ҳаракатда ўз шахсий машинаси билан қатнашаётган оддий кўнгиллилар кўпчиликни ташкил этмоқда — улар орасида бир кунда 10 марталаб фуқароларни ташиб қўяётганлар ҳам бор. Машиналар «маршрутка»ларнинг йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб, аҳолини манзилига етказиб қўймоқда.

Ўз навбатида, тармоқларда фойдаланувчилар ҳайдовчиларни аҳолини йўл-йўлакай манзилига етказиб қўйишга чақирмоқда. «Газета.uz» мухбири билан суҳбатлашганлар, шунингдек, тармоқ фойдаланувчилари ҳам шундай бепул машиналарда манзилига етиб олганини маълум қилди.

Таъкидланишича, дастлаб Нукусда бошланган мазкур ижтимоий акция ҳозирда Хўжайли, Қонликўл, Чимбой каби республиканинг бошқа туманларида ҳам оммалашмоқда.