16 январь куни Термиз давлат университети академик лицейи биносини иситишга мўлжалланган қозонхонада ташқи томон қувурларининг музлаб қолиши оқибатида ортиқча буғ тўпланиб, ички босим юқори даражада ортиб кетиб, портлаш содир бўлди, деб хабар берди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Портлаш оқибатида ходимлар П.А. ва Б.А. зарб туфайли тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этди. Яна бир ходим Н.Х. жароҳат олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий-амалий маркази Сурхондарё филиалига ётқизилди.

Воқеа жойига вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиқлари ҳамда бошқа масъуллар, шунингдек, тезкор-тергов гуруҳи аъзолари етиб келган.

Ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди (Одам ўлишига сабаб бўлувчи меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Олиб борилаётган тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Аввалроқ Сирдарё вилояти Ховос туманида газ портлаши туфайли 2 киши вафот этиб, 1 киши жароҳат олганди. Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари бошланган.