Сирдарё вилояти Ховос туманидаги уйларнинг бирида газ портлаши юз бериши оқибатида 2 киши вафот этди, дея хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги.

2023 йил 15 январь куни соат 14:50 да Ховос тумани «Қаҳрамон» МФЙ Қаҳрамон кўчасида жойлашган 2 қаватли уйда газ портлаши содир бўлди. Портлаш оқибатида 2 та хонадоннинг қурилиш конструкцияларига шикаст етди.

Воқеа жойига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув отряди етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борди. Ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаро вафот этди, бир нафар фуқаро жароҳат олиб, шифохонага жойлаштирилди.

Ҳолат ҳақида хабар топган вилоят ҳокими ҳамда тегишли масъуллар ҳам воқеа жойига етиб борди ва вазият тўлиқ назоратга олинди.

Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.