Фарғона, Бухоро, Сирдарё, Хоразм ва Андижон вилоятлари ҳокимликлари мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларининг қишки таътилини яна 17 январга қадар узайтирди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги хабарида айтилишича, совуқ ҳавонинг давом этиши муносабати билан 975 та умумтаълим мактаби, ихтисослаштирилган мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида ўқиш режалаштирилганидек 16 январдан эмас, балки икки кундан кейин — 18 январдан бошланади. Аввалроқ Фарғона мактабларни очишга шошилмаган ягона ҳудуд экани ҳақда ёзгандик.

Худди шундай мазмундаги хабар Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан ҳам эълон қилинди.

Сирдарё вилояти ҳокимлигининг маълум қилишича, ўқувчиларнинг саломатлиги, қолаверса, уларнинг таълим муассасига қатнашида юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликларни инобатга олган ҳолда вилоятдаги мавжуд 325 та мактаб ва 199 та боғчада дарс ҳамда машғулотлар 18 январдан бошланиши белгиланди.

Хоразм вилоятида ҳам таътил узайтирилиши маълум қилинди — ўқиш 18 январдан бошланади.

Наманган вилояти ҳокими бошчилигидаги штабда таътил кунларини 17 январга қадар узайтириш қарори тасдиқланди. Вилоятда 710 умумтаълим мактаби мавжуд.

Андижон вилоятида ҳам таълим муассасаларида таътил узайтирилгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 5 январь куни бутун мамлакат бўйлаб кутилаётган совуқ ҳаво муносабати билан барча таълим муассасалари учун таътил 17 январга қадар узайтирилган эди. Бироқ 10 январь куни ҳукумат вилоят ҳокимликларига об-ҳаво ва муайян ҳудудлар ҳамда таълим муассасаларидаги шароитга қараб таътил жадвалини мустақил белгилашга рухсат бергани маълум бўлди.

10 январдан 11 январга ўтар кечаси аксарият вилоятлар ҳокимияти 11 январдан мактабда ўқиш қайта тиклангани ҳақида эълон қилди, совуқлар давом этаётганига қарамай, Қорақалпоғистонда 12 январдан ўқишни тиклаш режалаштирилди.

«Юксалиш» умумхалқ ҳаракати янги ҳафта олдидан мактаб ва боғчаларни очишга шошилмасликка чақирди. Бироқ ҳудудларда бу тавсияга эътибор қилинмади.

Аслида эса ҳудудлар таълим муассасаларини очишга тўлиқ тайёр эмас эди. Ота-оналар ҳам фарзандларини уйда қолдиришни тўғри деб билишди — мактабларнинг синфларида саноқли ўқувчилар бор эди, холос. Орадан бир-икки кун ўтар-ўтмас ҳокимликлар мактаб бошланишини 16-январга қолдирганликлари ҳақида хабар бера бошлади.