Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев шанба куни Бухорода бўлиб ўтаётган Нукус воқеалари бўйича жиноят иши бўйича суд жараёнида кўрсатма берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, судланувчилар қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймон эканликларини билдириб, кечирим сўраган ва буни президентга етказишни илтимос қилган.

Аманбай Оринбаев судланувчилар ким бўлишидан қатъи назар Ўзбекистон фуқаролари, Қорақалпоғистон азаматлари эканлигини, уларнинг илтимосларини албатта етказишини маълум қилиб, суд ҳайъатидан судланувчиларга қонун доирасида енгиллик беришни сўради.

Эслатиб ўтамиз, Нукусда 1−2 июль воқеалари бўйича биринчи бўлиб очилган ишда айбланувчилар 22 нафарни ташкил этиб, улар орасида, жумладан, журналистлар Даулетмурат Тажимуратов ва Лолагул Каллихонова, блогерлар, ишсизлар ва тадбиркорлар бор.

Даулетмурат Тажимуратов жараён бошида воқеа содир бўлган вақтда Қорақалпоғистон Ички ишлар вазири бўлган Аманбай Оринбаев, шунингдек, Жўқорғи Кенеснинг ўша пайтдаги раиси Мурат Камоловни судга таклиф қилишни сўради.

Ўша воқеаларда жами 171 киши айбланмоқда. 39 нафар судланувчи билан яна бир иш алоҳида кўриб чиқиш учун ажратилган.

Шунингдек, Бош прокуратура ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Нукусда намойишчиларга нисбатан қурол ва махсус воситалар қўллангани, фуқароларнинг ўлими ҳолатлари алоҳида текширилаётганини маълум қилди.