Қорақалпоғистондаги 1−2 июль куни юз берган воқеалар вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан намойишчиларга қарши қурол қўлланилгани ҳолати бўйича алоҳида жиноят иши очилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганиш бўйича тузилган Мустақил парламент комиссиясининг мурожаатига жавобан эълон қилган ахборотида маълумот берилган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Нукусдаги воқеалар вақтида 1 июль куни Жўқорғи Кенгес маъмурий биноси, 2 июль куни Нукус шаҳар ИИО ФМБ ва аэропорт биноси олдида ушбу объектларга амалга оширилган ҳужумларни бартараф этиш мақсадида ўқотар қурол ва махсус воситалардан фойдаланилган.

«Жамоатчиликни хавотирга солаётган ушбу ҳолатлар бўйича, хусусан, [жамоат тартибини сақлашга сафарбар қилинган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан оммавий тартибсизлик иштирокчиларига нисбатан] ўқотар қурол ва махсус воситалар қўлланилишининг қонунийлиги юзасидан алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, тергов якунига кўра, ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади», — дейилади идора ахборотида.

Таъкидланишича, ҳозирда Нукус воқеалари вақтида икки фуқаронинг вафоти юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Прокуратура ахборотида «тергов якунига кўра айбдор деб топилган шахсларга нисбатан қонуний қарорлар қабул қилиниши таъминланиши» қайд этиб ўтилган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг қўшимча қилишича, «дастлабки тергов ҳаракатлари якунига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан хизмат ваколатидан четга чиқиб, заруриятсиз куч ва воситалар ишлатилганлиги ўз тасдиғини топиб, суд муҳокамасига юборилган тақдирда, Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилади».

Нукус воқеалари вақтида ўқотар қуролдан фойдаланилгани ҳақида «Газета.uz» мухбирлари билан суҳбатлашган жабрланувчилар ва ҳодисаларнинг гувоҳлари ҳам, шунингдек, Бухоро вилоят судида давом этаётган жараёнга жалб этилган бир қатор айбланувчилар ҳам маълум қилган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукус воқеалари вақтида «агар куч тузилмалари томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминланиши»ни маълум қилган эди.

Аввалроқ Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида 171 иши айбланаётгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳозирда суд қилинаётган 22 кишидан ташқари, яна 39 киши иккинчи жиноят иши бўйича қамоқда сақланмоқда.