1−2 июль кунлари Нукусда содир бўлган воқеалар тўғрисидаги жиноий иш бўйича асосий гумонланувчи Даулетмурат Тажимуратов пайшанба куни Бухорода бўлиб ўтган суд мажлисида сўзга чиқиб, бир қатор гувоҳларни, жумладан Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг амалдаги ва собиқ раисларининг судга чақирилишини сўради. Шунингдек, у Мудофаа вазирлигига ўша воқеалар вақтида ўқотар қурол қўллангани бўйича илтимоснома билан мурожаат қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди. Нутқни суд залидан узатилган трансляциядан тинглаш мумкин. Нутқнинг айрим қисмлари Ўзбекистон Олий суди томонидан ҳам эълон қилинди.

«Нима бўлаётганини кўряпман. Ва ҳаммаси биз айбдор бўлиб чиқяпмиз. Давлат айбдор эмас. Давлатда қонунлар тўғри ишлади… Сиёсий иш бугун, эртага кўрилади, ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди. Буларнинг барчаси тарихда қолади, бир неча бор кўтарилади», — дея бошлади ўз нутқини.

«Нима учун бундай деяпман? — дея давом этди судланувчи. — Қанча одам ўлди. Одамларнинг ўлимида ўзимни айбдор ҳис қилмайман. Ва мен кечирасиз демайман. Ва бу ерда ўтирганларнинг ҳам (бошқа судланувчиларни кўрсатиб) айби йўқ».

У бир кишининг бошида граната осколькаси, бошқасининг пешонасида, учинчисининг кўкрагида ўқ борлигини айтилган иш материалларига эътибор қаратди.

Даулетмурат Тажимуратов ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг жамоат жойларида қурол ишлатиши тақиқлангани боис, ватандошларига қарата ўқ узганлар қайси академияда ўқиганини сўради.

«Савол туғилади, ўқ кўкракка қаердан келиб тушди? Ота-боболарда гап бор, ўқ эгасини танламайди. Бироқ милтиқ ушлаган эгасини танлайди. Мен терговда видеода кўрдим шаҳар ИИБ олдида айтишяпти, отишни тўхтатинглар, отиб ташлаяпсизларку деган видео турибди. Бу нима дегани? Қайси мамлакатда яшаяпмиз, ўз халқига ўқ отиш деган», — деб сўради у.

Судланувчи судьяга мурожаат қилар экан, иккита илтимоснома тайёрлаганини маълум қилди.

«Мен сиздан илтимос қиламан, ҳурматли раислик қилувчи, хоҳланг қаноатлантиринг, хоҳланг қаноатлантирманг… Илтимосномам шундан иборатки, сиздан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига суд орқали сўровнома юборишингизни илтимос қиламан», — дея қайд этди у.

Унинг сўзларига кўра, илтимосномада қуйидаги саволлар ўрин олган: «Ҳарбий қуролдан, халқнинг қўлида ҳарбий қурол, ов милтиғи ёки бошқа қуроллар бўлса, қўлласа бўладими ёки бўлмайдими? Агар фуқароларнинг қўлида ҳарбий қурол бўлмасдан, яъни бошқа совуқ қуроллар бўлса, қўлласа бўладими ё бўлмайдими? Бундан ташқари, Макаров тўппончаси, Калашников автомати бор, граната бор, буларни қўллласа бўладими ё бўлмайдими?»

«Бундан кейин Бабабниязов Николайнинг кўрсатмасида шундай дейилган: «Мен ёнимдаги оддий аскарнинг тўппончасини олиб, осмонга қарата 5−6 марта отдим, Даулетмурат Тажимуратовнинг уйини олдида деди. Менинг уйимнинг олдидан 72 дона ўқ олинди. Уларни сақлатиб қўйибман. 72 та ўқ, ҳурматли раислик қилувчи. Тепага қараб ўқ отишга бўлмайди қонунда. Тепага отилган ўқ маълум вақтдан кейин, пастга яна шу куч билан қайтади ва кимгадир тегади», — деди судланувчи.

«Ҳурматли бошчилик қилувчи, биринчи мазкур илтимосномани ўзингиз муҳокама қилиб, қаноатландириб беришингизни илтимос қиламан. Сабаби ўлган одамларнинг қони тортади. Жавоб берадигани жавоб берсин. Улар учун бизлар (қамоқда) ўтиришимиз шарт эмас, аммо мен ўтириб бераман», — дея қўшимча қилди у.

Судланувчи иккинчи илтимосномани етказишдан аввал эрталаб 6:45 да «Истиқлол» деб номланган радиоканалда «Қорақалпоқлар, Бухорога хуш келибсиз», деган 7 бандли шеър ўқилганини таъкидлаб ўтди. Айни пайтда, унинг таъкидлашича, суҳбатлардан айримлар харажат қилиб бу ерга келган, кимдир сигирини, кимдир молини сотиб келган.

«Прокуратура гостиницада ётади, судьялар гостиницада ётади. Адвокатлар ҳам ётсин, ахир. Адвокатлар коллегияси бор, ташкиллаштириб беринг, ҳурматли судя. Адвокатлар коллегиясини ҳурмат қилсин, (меҳмонхонада) ётқизсин. Фуқароларни ҳам (судланувчиларни ортидан келган яқинларини назарда тутмоқда — таҳр.) биринчи бўлиб, уларни ётқизсин. …Туғишган эканмиз ўзбек халқи билан. Пули йўқ қайтиб кетяпти. абедини берсин, нима бўлибди бу… Шуни бир ўзингиз, вакиллигингизга кирмайди, ҳурматли бошчи (судьяни назарда тутиб) шуни инобатга олсангиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, судья билганидек, «тергов пайтида бир нарсани, судда бошқа гапни айтадиганларни ёқтирмайди». Далил шундан иборатки, у судда бир неча бор айбланувчиларнинг кўрсатмалари терговда берилганидан фарқ қилганидан ғазабланган.

Тажимуратов бу мавзуни унинг сўзларига кўра, «Ўринбоев исмли ички ишлар вазири» (Аманбай Ўринбоев, ҳозир Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси — таҳр.) тергов давомида ёлғон кўрсатма бергани учун кўтарганини айтди.

«Сиздан илтимосим, агар одил суд бўлаётган бўлса шу одам шу ерга келсин. Гувоҳлик берсин, халқ ишониб ўтирибди у одамга. Мен у одамга ишомайман», — деди судланувчи. Унинг фикрича, отишга у буйруқ берган.

Тажимуратов Мурат Қаллибековичга (ЖКнинг собиқ раҳбари — таҳр.) ҳам саволлари борлигини маълум қилди.

«Бир саволга аниқлик киритилмаяпти, ҳурматли раислик қилувчи. Уюшган жиноий гуруҳ деб бизларни тил бириктирган, деб қўйибди. Жўқорғи Кенгеснинг олдига борганда Prado (Мурат Камаловнинг йўлтанламаси — таҳр.) парашютдан тушган йўқку. Машинани шу ерга ҳайдаб боришни ким бўлса ҳам айтган бўлса керак. Мен ёки менинг ёрдамчиларим уларга Жўқорғи Кенгеснинг олдига ҳайда, демагандирмиз. Ўзидан-ўзи бормагандир, кимдир топшириқ берган? Йўқ, якуний айбловда ёзиб қўйибди, бу олдиндан режа қилинган, Жўқорғи Кенгес тарафга Prado юрган, машинани шу тарафга мажбурлаб олиб боришган. Машинанинг ичида Ўринбаев ўтирибди, у топшириқ берган бўлиши керак ёки Миллий гвардия бошлиғи ҳам ўтирибди. Уч одам ўтирибди машинада, учаласидан биттаси буйруқ бергандир ҳайдовчига. Терговда бунга аниқлик киритилмаган», — деди судланувчи.

Ҳар кўрсатмамда мен тергов протоколида тагига ёздим. Ҳурматли терговчилар сиздан миннатдорман дедим. Бироқ Мурат Қаллибекович ва Оринбаев билан мени учраштиринг, ҳайдочи билан учраштиринг, дедим. Бўйнингизда қарз бўлиб кетмасин, омонат ёмон нарса. Мен умрбод ўтирарман қамоқда, умримни тикдим дедим. Бироқ сизлардан илтимос, гуноҳимни кўтарманг, дедим. Яхши, дейишди, лекин учраштирмади… Шу билан суд тамом", — дея таъкидлаб, амалдорларни жалб қилиш учун суднинг кучи етмаслигини қўшимча қилиб ўтди.

Тожимуратов терговчилар Тошхўжаев ва Сухановни ҳам чақира олмаганини айтди. Шунингдек, у уч нафар ИИБ ходими уйидан пул ва компьютерини ўғрилагани, бу ҳолат видеокамерага қайд этилганини таъкидлаб, уларни ҳам гувоҳ сифатида чақирилишини сўради. Судланувчининг қўшимча қилишича, улар «Тажимуратов билан профилактик суҳбат» ўтказишганини айтишган.

Шунингдек, у «Ел хизметинде» газетаси бош муҳаррири Есимхан Канаатов, Оралбай Досназаров, «ёлғон гувоҳлик берган» масжид имоми Аҳмед Якубни ҳам гувоҳ сифатида чақиришларини илтимос қилди.

Тажимуратов Зияев Султанбек, Мурат Камоловнинг ҳайдовчиси, Қорақалпоқ давлат университети ректори Ахмет Реимов, Улуғбек Жалменов («у кўп нарсани билади ва кўп жиҳатларга ойдинлик киритиши керак»), Жўқорғи Кенес қўмитаси раҳбари Зухра Реимовани ҳам гувоҳ сифатида кўришни хоҳлади.

Қисқа муҳокамадан сўнг судья илтимосномаларни қаноатлантиришга қарор қилди. Сўровга жавоб олингач, ишга бириктирилади, деди у.

Шундан сўнг Даулетмурат Тажимуратов кўрсатма беришни бошлади.