Эндиликда йўқотилган ҳайдовчилик гувоҳномасини қайта тиклаш учун назарий ва амалий имтиҳон топшириш тизими бекор қилинди.

Бу ҳукуматнинг 20 июлдаги «Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда уларни имтиҳондан ўтказиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [393-сон] қарорида қайд этилган.

Йўқолган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси (эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки унинг талони)нинг дубликати транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳайдовчилик гувоҳномалари маълумотлар базасидан текширилганидан сўнг имтиҳонларсиз берилади.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини қайта тиклаш учун кўрсатиладиган хизмат нархи Ягона портал орқали топширилганда — 270 минг сўм, ИИВ ЙҲХХ томонидан кўрсатилганда — 300 минг сўмни ташкил этади.

Биргина ЯИДХ маълумотларига кўра, жорий йилнинг 6 ойи давомида «права»ни алмаштириш бўйича 800 та ариза келиб тушган. Шундан энг кўпи март ойида — 170 та ариза қолдирилган. 31 та ҳолатда гувоҳнома алмаштирилган, 81 та ҳолатда эса рад этилган. 328 таси эса тўловни амалга оширмаган, катта эҳтимол билан улар тўғридан тўғри ЙҲХХга мурожаат қилган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 1 мартдан бошлаб ҳайдовчиларнинг ёнида паспорт (ID-карта) мавжуд бўлган тақдирда, улардан ҳайдовчилик гувоҳномаси, техпаспорт, ишончнома ва суғурта полисини олиб юриш талаб этилмаслиги бўйича тартиб кучга кирганди.