Ғаниев Шуҳрат Мадаминович президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Шу кунгача бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келаётган Ғаниев 2020 йилнинг 25 сентябрида ушбу лавозимга келганди. У марҳум Ўктам Барнов ўрнига ушбу лавозимига ўтказилганди.

2021 йилнинг январь ойида президент Бухорода Халқ депутатлари вилоят кенгашининг йиғилишида қишлоқ хўжалиги жуда орқада қолаётганини таъкидлаганди. Тизимни тўғри йўлга қўймаса, Шуҳрат Ғаниев ҳамда ўша пайтдаги қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевни ишдан бўшатишини айтганди.

«Қишлоқ хўжалигимиз ҳам қониқтирмайди. Ҳалигача собиқ иттифоқ услубида ишлаяпмиз. Мен 1993 йилда Европага борганимда кўрганман, тупроққа тушадиган ҳар бир томчи сув, ҳар грамм ўғитнинг аниқ ҳисоб-китоби бор. Биз қачон ҳосилдорликни, даромадни кўпайтирамиз?! Ғаниевни [бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев — таҳр.] ҳам огоҳлантирдим, тизимни тўғри йўлга қўймаса, ишдан кетади», — дея таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, Шуҳрат Ғаниев 1968 йилда Фарғона вилоятида туғилган, Тошкент давлат аграр университети (1992) ва Тошкент кимё-технология институтини (2005) тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Фарғона вилояти кооперация бирлашмаси Марғилон базаси етакчи мутахассиси сифатида бошлаган. 2004−2007 йилларда «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари, 2007−2008 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2008−2011 йилларда Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган.

2011 йилдан 2020 йилгача Фарғона вилояти ҳокими сифатида фаолият олиб борган.