Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг Халқаро пресс-клубда сўзлаган нутқидан парча — мактабларда физика ва кимё фанлари жуда чуқурлаштириб ўргатилиши сабабли бу фанларни олиб ташлаш ҳақидаги таклифи кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Видеода Шерзодхон Қудратхўжа мактаб пайтларини ёдга олиб, иккита фан чуқур ўргатилгани, ҳозир эса улар ҳаётда керак бўлмаётганига урғу берган.

«Ҳозир мактабда 22 та фан бор. Энди эса ёшларга креатив соҳаларда дарс беришимиз керак. Фанларни ҳам, дарс соатларини ҳам кўриб чиқишимиз керак. Эсимда, мактабда дарс ўтганимизда физика, кимёнинг жуда чуқур ичига кириб кетардик, ўзим қийналардим, масалан. Лекин бугун ҳаётимда [улар] керак бўлмайди…Ҳамма ҳам физик бўлавермайди-ку? Қизииқан кейин бўлаверади», — деган ректор.

Ушбу мулоҳазалар жамоатчилик фаоллари, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хусусан, Troll.uz канали муаллифи Умид Гофуров «Физика, кимё булар фундаментал фанлар-ку, миллий ғоя, маънавият ва маърифат, ватан туйғуси каби жиннича фанлар бўларди мактабда, шунга ўхшаш фанлар керак эмас», дея пост қолдирган.

Журналист Санжар Саид эса ўзининг Telegram каналида мактабларда барча керакли фанлар осонроқ, ҳаётга яқинроқ қилиб ўқитилиши, академик билимлар эса ихтисослаштирилган таълим даргоҳларида ўтилиши лозимлигини ёзиб қолдирган.

«…Хуллас, мактаб таълими барокатли булутга ўхшайди — у ҳамма жойга ёмғир ёғдириши, бу сувдан ҳар ким ўзига ярашасини олиши керак. Ахир тошга, қумга ёққанидан фойда йўқ деб тоғ-саҳроларга ёмғир ёғишини қораламаймиз-ку. Майли, мактабда ҳамма керакли фанлар ўтилсин, фақат осонроқ, ҳаётга яқинроқ қилиб. Академик билимлар эса ихтисослаштирилган таълим даргоҳларида ўтилаверсин», — дейди у.

Блогер ва педагог Исроил Тиллабоев Facebook саҳифасида Шерзодхон Қудратхўжанинг фикрини каналлар ваҳимаси ошириб юбораётгани, аслида физика ва кимёни бутунлай олиб ташлаш назарда тутмаганини қайд этган.

«Мисол ҳиссиёт билан нотўғри танланган бўлиши мумкин, лекин бир шахсий мисолини барча каналлар ваҳима қилиб бунчалар ажиатаж қилиб юбориши ошиб кетмоқда, балки етар, физика ва кимёни бутунлай олиб ташлаб бўлмаслигини сиз ҳам, мен ҳам, Шерзодхон ака ҳам билади», — дейилади постда.

Шунингдек, мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳолатга муносабат билдириб, ушбу фундаментал фанларни мактаб ўқувчиларига ўқитишни бекор қилиш ҳақидаги фикрлар ҳеч бир асосга эга эмаслигини ва бундай хавотирга ўрин йўқлигини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, келажакда гуманитар соҳани эгаллайдиган ўқувчиларга физика ёки кимё фанларини ўқитиш керак эмас, дейиш мумкин эмас. Сабаби, унинг фикрича, ҳар бир инсон қайси касбни танламасин, мавжуд илмий парадигма асосида дунё қандай тузилганини билиши шарт.

«Физика ва кимё каби фундаментал фанларни ўқитиш асносида инсоннинг фикрлаш қобилияти ривожланади. Бундай салоҳиятга эга бўлган шахс эса ҳодисаларни таҳлил қилиш, тушуниш ва тушунтиришга қодир бўлади», — дейди у.

«Шундай экан, таълим соҳасига масъул раҳбар сифатида ушбу фундаментал фанларни мактаб ўқувчиларига ўқитилишини бекор қилиниши ҳақидаги фикрлар ҳеч бир асосга эга эмаслигини ва бундай хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламан. Аксинча, эндиликда биз мактабларда ушбу фанларни ўқитишни амалиёт билан боғлаш устида бош қотиришимиз ва бунинг учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга бор эътиборимизни қаратишимиз зарур», — дея таъкидлади вазир.

Шерзодхон Қудратхўжа ўзига нисбатан қилинган «троллинг, ҳайп»ларга изоҳ бериб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали аслида нима демоқчи бўлгани ҳақида видеомурожаат билан чиқди.

«Бу 2 соатлик кўрсатувнинг 30 сонияси кўрсатилган [видео], холос. Мен ректор сифатида таълим, аниқ фанлар қанчалик муҳимлигини билсам керак. Ёшларимизга енгилроқ, креативроқ дарс берайлик, дедим. Физика, кимё, алгебра, математика, геометрия фанлари бошқалари каби, албатта, керак. Лекин бу дарсларни ўқитишда эски қолиплардан воз кечиб, замонавий янги технологиялардан фойдаланишимиз керак», — дея фикрини изоҳлайди ректор.

«Масалан, дарс ўтганлар, эсланглар, 10−11-синфларда ўтган қайси мураккаб формула эсингларда қолган? Қизил диплом олишда қанчалик халал берган, ўқишга киришда қанчалик чалғитган? Шу маънода айтдим, холос. Русийзабонлар ректор фанларни олиб ташлашни айтгани ҳақида ёзишяпти. Мен халқ таълими вазири, бу соҳанинг раҳбари эмасман», — деди у.