Қалин туман тушиши сабабли 30 декабрь куни Тошкент ва Андижон халқаро аэропортлари иши чекланди, деб хабар бермоқда Uzbekistan Airports ахборот хизмати.

Хусусан, Тошкент аэропортида қуюқ туман тушиб, кўринишнинг ёмонлашиши (250 м) Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Москва-Тошкент рейси Самарқанддаги муқобил аэродромга йўналтирилишига сабаб бўлди. Жидда-Тошкент рейси эса Навоий халқаро аэропортига йўналтирилди. Об-ҳаво яхшилангач, борт йўловчилар билан пойтахт аэропортига учиб келди.

Андижон аэропорти ҳам ноқулай об-ҳаво шароити туфайли вақтинча ёпилди. Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент-Андижон ва Андижон-Самарқанд рейслари Фарғона аэропортидан ўзгартирилган жадвалга мувофиқ амалга оширилади. Андижон аэропорти раҳбарияти томонидан йўловчилар учун Фарғона аэропортига транспорт ташкил қилинди.