28 декабрь куни Адлия вазирлигида «Пандемия 2020: чақириқлар, хулосалар, оқибатлар» ва «Ҳуқуқ билимдонлари» танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимда «Газета.uz» пандемияга бағишланган танловнинг «Адлия эътирофи» номинациясида ғолиб деб эълон қилинди.

Адлия вазирлиги эътирофига кўра, «Газета.uz» пандемия даврида аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга ҳамда жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий-таҳлилий материаллар тайёрлашда фаол бўлган.

«Пандемия 2020: чақириқлар, хулосалар, оқибатлар» танлови бўйича асосий ғолиблар:

I. Пандемия даврида энг яхши журналистик материал:

1-ўрин — Асрор Муминов (матбуот);

2-ўрин — Юлдуз Олимова (телевидение);

3-ўрин — Дилдора Матёқубова (радио).

II. Пандемия даврида энг яхши блогпост:

1-ўрин — Анора Содиқова;

2-ўрин — Обиджон Латипов;

3-ўрин — Баходир Ахмедов.

Қайд этилишича, октябрь ойида эълон қилинган «Пандемия 2020: чақириқлар, хулосалар, оқибатлар» танловида оммавий ахборот воситаларида фаолият юритувчи журналистлар, эркин журналистлар, блогерлар, жамоатчилик фаоллари иштирок этди. 30 ноябрь куни соат 24:00 га қадар 69 нафар иштирокчидан 461 та материал келиб тушди. Шундан 120 таси телевидение, 56 таси радио, 51 таси матбуот ҳамда 234 таси интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган материаллардир.

Танловга келиб тушган материаллар комиссия аъзолари томонидан бир нечта мезонлар асосида, жумладан, материалнинг тўғри ва холислиги, мазмуни ва таъсирчанлиги, долзарблиги, содда ва тушунарли эканлиги ҳамда маълумотлардан унумли фойдаланилганлик даражалари асосида баҳоланди.

Шунингдек, маросимда Адлия вазирлиги томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини билишларига қизиқтириш мақсадида жорий йил 12 октябрь куни старт берилган «Ҳуқуқ билимдонлари» танлови ғолиблари ҳам тақдирланди.