12 декабрь куни Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашди.

Томонлар уч ой ичида Ўзбекистонга 1,5 мрлд куб метр туркман газини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади, бу кунига 20 млн куб метр газ, дегани.

Reuters маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакат кунига ўртача 15 млн куб метр газ импорт қилади. Яна қўшимча 20 млн куб метр газ етказиб берилиши қиш мавсумида газ тақчиллигини қоплайди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, бунгача газ танқислиги кунига ўртача 10 млн куб метрни ташкил қилган. 15 декабрдан бошлаб мамлакатда газ таъминоти билан боғлиқ вазият барқарорлаша бошлади, деди соҳа регулятори.

Аввал хабар берганимиздек, Туркманистон Ўзбекистонга электр энергияси экспортини ҳам оширди. Жумладан, «Туркменэнерго» давлат электроэнергетика корпорацияси Ўзбекистонга кунлик электр энергияси экспортини қарийб 17 фоизга — 17−18 млн кВт/соатдан 20−21 млн кВт/соатга оширди.

Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков 7 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон бошқа давлатлар билан табиий газ, электр энергияси, кўмир ва мазутни қўшимча харид қилиш бўйича музокараларни фаоллаштиришини маълум қилди. Бундан ташқари, кунлик газ етказиб бериш ҳажмини 5 млн куб метргача оширишга қарор қилинди. Шу мақсадда давлат идоралари автомашиналари газдан бензинга ўтказилди, суюлтирилган газ экспорти тақиқланди, Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станциялари орқали электр энергиясини етказиб беришга вақтинчалик чекловлар жорий этилди.

Қолаверса, «Ўзтрансгаз» бошқаруви раиси Беҳзод Норматов ҳам ўзбек газини хорижга экспорт қилиш тўлиқ тўхтатилганини маълум қилди.