«Туркменэнерго» давлат электроенергетика корпорацияси Ўзбекистонга кунлик электр энергияси экспорти ҳажмини қарийб 17 фоизга оширди, дея хабар берди «Ҳудудий электр тармоқлари» матбуот хизмати.

Импорт ҳажмини ошириш Ўзбекистон истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлаш ҳажмини оширишга қаратилган.

Бунга қадар суткалик етказиб бериш ҳажми 17−18 млн кВт/соатни ташкил этган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 3 млн кВт/соатга кўпроқ — 20−21 млн кВт/соатга етди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов 7 декабрь куни бугунги кунда Ўзбекистонда, айниқса, энг юқори юкламалар қайд этиладиган совуқ даврда суткалик 18−20 млн кВт/соат миқдорида электр энергияси тақчиллиги кузатилишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат хориждан 20 млн кВт/соатга яқин электр энергияси импорт қилади (Туркманистондан етказиб бериш кўпайгандан олдинги кўрсаткич), бироқ валюта харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Афғонистонга 5−6 млн кВт/соатга яқин электр энергияси экспорт қилинади.

Бунгача Энергетика вазирлиги раҳбари мамлакатда энергия ресурслари тақчиллиги ташқи омиллар билан эмас, балки ички истеъмолнинг ўсиши билан боғлиқ эканини айтган эди. «Бугун биз газ ва электр энергиясини қандайдир альянс ёки иттифоқ орқали эмас, балки қўшни давлатлардан импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз. Бу ерда биз энергия тармоқларни кимгадир бериб юбориш билан эмас, балки тижорат шартномаси, олди-сотди шартномаси асосида ҳамкорлик қилиш учун миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда музокаралар олиб бормоқдамиз», — деди у.