Бош прокуратура Қорақалпоғистонда 1−2 июль кунлари юз берган воқеаларни ўрганиш бўйича Мустақил парламент комиссиясининг очиқ мурожаатига қайтарган жавобида 22 айбланувчи иштирокидаги суд жараёни нима учун Бухоро вилоятида бўлиб ўтаётганини тушунтирди.

Маълум бўлишича, Нукус шаҳридаги 2-сонли тергов ҳибсхонасида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли у ерда сақланаётган маҳбуслар бошқа яқин вилоятлардаги ҳибсхоналарга тақсимот асосида кўчирилган.

«Шу муносабат билан, Қорақалпоғистон ҳодисалари бўйича айбланган шахслар Бухоро влиоятида 4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётгани сабабли, суд мажлиси Бухоро вилоят суди биносида ўтказилмоқда», — дейилади идора ахборотида.

Бош прокуратура суд жараёни учун судья қандай тайинлангани бўйича ҳам изоҳ берган. Маълумот учун, 22 айбланувчи иштирокида Бухорода давом этаётган суд жараёнига Қорақалпоғистон судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Елубай Абибуллаев раислик қилмоқда.

«Судларга келиб тушган жиноят ишлари Олий суднинг E-Sud ахборот тизими томонидан иш юкламасидан келиб чиқиб, судьялар ўртасида тақсимланади. Мазкур жиноят иши ҳам дастур томонидан инсон омилини истисно этган ҳолда Е.Абибуллаевга тақсимланган», — дея таъкидланган Бош прокуратура ахборотида.

Аввалроқ Нукус воқеалари бўйича жами 171 киши айбланаётгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Бош прокуратура матбуот хизмати Нукус воқеаларида намойишчиларга қарши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўқотар қуролдан фойдаланилгани ҳолати бўйича алоҳида жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Комиссия Бош прокуратурадан гувоҳлар сўроқ қилиб бўлинганидан кейин суд жараёнларининг онлайн намойиши яна давом эттирилиши-эттирилмаслиги юзасидан ҳам жавоб олган (Жиноят-процессуал кодексига кўра, гувоҳлар сўроқ қилинаётган вақтда жараённи онлайн намойиш этиш тақиқланган).

Бош прокуратура жавобида таъкидланишича, суд жараёнларининг тарафлар музокараси босқичида ОАВ вакиллари томонидан онлайн намойиш этилишига суднинг ташаббуси билан ёки жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномасига кўра, раислик этувчи суд томонидан рухсат этилиши мумкин.

Қайд этиш жоиз, «Газета.uz» ушбу суд жараёнларидан онлайн-трансляциялар уюштирган ягона ОАВ бўлди. Шунингдек, сайт жараён тафсилотларини ёритиб борган ягона нашр бўлди.

Суд жараёни очиқ бўлиб, уни журналистлар ва кузатувчилар кузатиб бориши мумкин.