2022 йилнинг январь-октбярь ойида Мактабгача таълим вазирлиги тизимида 380 та коррупцион ҳолат аниқланиб, 383 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда 14 декабр куни вазирликда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда «Газета.uz» мухбири жорий йилда вазирлик тизимида кузатилган коррупця ва талон-торожлик ҳолатлари ҳақида сўради. Бу саволга Бош прокуратура бошкарма катта прокурори Каримжон Мусашайхов жавоб берди.

«Уч йиллик жиноятлар бўйича таҳлиллар ўтказилиб, вазир номидан бош прокурорга тақдимнома киритилган. Тақдимнома бевосита вазирликнинг барча масъул ходимлари иштирокида кенг муҳокама қилинган. Статистикага кўра, 2019 йилда 167 нафар, 2020 йилда 131 нафар, 2021 йилди эса 153 нафар ходим томонидан коррупцион жиноятлар содир этилган. 2022 йилнинг 10 ойида эса 380 та коррупцион ҳолатлар аниқланиб, 383 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, мазкур жиноятларнинг асосий қисми, яъни 200 тага яқини ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш жиноятлари ташкил этади.

Прокуратура расмийсининг қайд этишича, ушбу жиноятларни содир этишда асосан, вазирлик тизимидаги иш ҳақи, турли рағбатлантириш, давлат харидларида қиммат нархларда сотиб олиш, қурилишга ажратилган пулларни талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

«Бу жиноятлар вазирликнинг ички аудит хизмати томонидан берилган маълумотлар асосида фош этилган», — деди Каримжон Мусашайхов.