14 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 10:10да Иорданиянинг Jordan Aviation авиакомпанияси самолёти Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди, дея хабар қилди Uzbekistan Airports.

Ўзбекистонга Амман-Тошкент-Амман йўналишида янги парвоз йўналишини очган Boeing-767 борти Тошкент аэропортида кутиб олинди. Қайтиш рейсига йўловчиларни рўйхатдан ўтказиш бошланишидан аввал аэропорт ва авиакомпания вакиллари иштирокида расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги рейслар Jordan Aviation миллий авиакомпанияси ва Ўзбекистоннинг Ahella Tour туроператори ўртасидаги келишув асосида амалга оширилади. Тошкент ва Амман ўртасидаги рейслар чартер асосида икки ҳафтада бир марта Boeing-767 самолётларида амалга оширилиши режалаштирилган.

Jordan Aviation — штаб-квартираси Амманда жойлашган Иордания авиакомпанияси. Компания чартер рейсларини амалга оширишдан ташқари, БМТ тинчликпарвар миссиялари учун ҳаво транспортини таъминловчи муҳим авиакомпания ҳисобланади.