Президент Шавкат Мирзиёев архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик масалаларига бағишланган йиғилишда 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда юз берган намойишларга ҳам тўхталиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Бу ерда содир бўлган нохуш воқеалар барчамизда ташвиш ва изтироб уйғотиши табиийдир. Нукус шаҳрида юз берган воқеалар натижасида, афсуски, бир қанча фуқаролар ҳалок бўлди ва жабр кўрди. Шу муносабат билан ўз яқинларини йўқотган оилаларга чин юракдан ҳамдардлик билдираман. Шифохоналарда даволанаётган беморларга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилайман», — деди президент.

«Мана шундай дақиқаларда тинчлик ва инсон ҳаёти нақадар бебаҳолигини, уни асраб-авайлаш нақадар муҳим эканини, бунга барчамиз масъул эканимизни янада чуқур ҳис этамиз», — деди у.

«Албатта, бу воқеалар бир кунда ёки ўн кунда ташкил қилинган эмас. Бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган. Уларнинг асл мақсади Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган», — дея қўшимча қилди у.

Президентнинг таъкидлашича, бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари бошчилигида тергов ва суриштирув гуруҳи иш олиб бормоқда.

Давлат раҳбари, шунингдек мазкур «жараёнга холис томонларни, яъни, жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаолларни ҳам жалб қилиш зарурлигини» айтди. «Шунинг учун, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга топшириқ — ҳар бир ҳолат чуқур ва холисона ўрганилсин ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо берилсин», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилиниши ва агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминланишини билдирди.

Унинг таъкидлашича, ҳозирга келиб Қорақалпоғистондаги вазият изга тушмоқда. «Энг асосийси, аҳолининг тинчлиги ва ҳаётига ҳеч нарса хавф солаётгани йўқ. Иқтисодиёт тармоқлари ишламоқда. Одамлар кундалик ишлари ва юмушлари билан банд», — деди у.

Президент давлат ҳокимияти органлари, жамоатчилик вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари томонидан ҳудудда барқарор вазиятни таъминлаш бўйича уюшган ва мувофиқлашган ҳолда иш олиб борилаётганини маълум қилди.