Ўзбекистонда янги Air Samarkand хусусий авиакомпанияси пайдо бўлди. Бу ҳақда Spot компания бош директорининг биринчи ўринбосари Салоҳиддин Насиров ва парвозларга хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Светлана Исяновга таяниб хабар бермоқда.

Ташувчи Самарқанд халқаро аэропортига жойлашади. Компания транзит парвозларини амалга ошириш имкониятини яратган ҳолда йирик пересадка узелларига учишни режалаштирмоқда. Хусусан, Истанбул, Анталия, Дубай, Абу-Даби, Доҳа, Деҳли, Жидда, Москва, Санкт-Петербург, Сочи, Қозон, Екатеринбург, Самара, Тел-Авив каби 14 та мунтазам йўналиш бўйича парвозларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Авиачипталар нархи алоҳида эълон қилинади.

Ҳозирда компания иккита ўрта масофали Airbus А320 самолётига эга. Иккаласи ҳам full economy конфигурацияга эга: салонда 180 та эконом-класс ўриндиқлари (Y) мавжуд. Йил давомида компания бизнес-класс ўриндиқларига эга бир нечта янги А320 ва А330 самолётларини олишни режалаштирмоқда. Бу эса йўналишлар тармоғини кенгайтириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини оширади, деди компания вакиллари.

«Air Samarkand лоукостер сифатида режалаштирилмаган. Биз адолатли, оқилона ва рақобатбардош нарх сиёсатига амал қиламиз. Бу, айниқса, енгил юк билан қатновчи саёҳатчилар учун арзон нархларни англатади. Тарифлар самолётда овқатланишни ўз ичига олади. Шунингдек, бортда кўнгилочар тизимни тақдим этамиз», — деди парвозларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Светлана Исянова.

Компания Самарқанд ва унга яқин вилоятлар, жумладан, Навоий ва Бухородан потенциал йўловчи ташиш ҳажмини тахминан 4,5 млн киши деб ҳисобламоқда.

Авиакомпания кимга тегишли?

air marakanda, air samarkand

Air Samarkand савдо белгисига 2022 йилнинг 4 апрелида рўйхатдан ўтган Sam Air компанияси эгалик қилади. Асосий фаолият тури — йўловчи ҳаво транспорти. Устав капитали — 2,48 млрд сўм. Таъсисчилар сифатида Бахтиёр Шухратович Фазилов (51%) ва Баходир Исмаилович Гафуров (49%) кўрсатилган.

Бахтиёр Фазилов, шунингдек, 99 фоиз Кипрнинг Belvor Holdings компаниясига тегишли бўлган Sanoat Energetika Guruhi Enera`да миноритар улушга эгалик қилади. У Eriell Group (у асосий акционери эканлиги хабар қилинган эди) ва Enter Engineering (Ўзбекистондаги йирик EPC-пудратчилардан, акционерлари орасида — «Газпромбанк» ҳам бор) нефть-хизмат кўрсатиш компаниялари бошқаруви раиси ҳам ҳисобланади.

Бундан ташқари, у Самарқандда туристик мажмуа қурган Samarkand Touristic Centre компаниясига, шунингдек, бошқа бир қатор компанияларга ҳам эгалик қилади. Бундан ташқари, тадбиркор Самарқанд аэропортини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритган Air Marakanda компанияси (унга иш ва хизматлар нархлари чет эл валюталарига боғланишига рухсат берилган) билан ҳам алоқадор.

Баҳодир Гафуров Ўзбекистон Хоккей федерациясининг биринчи вице-президенти ҳисобланади.

«Газета.uz» аввалроқ Самарқандда ташкил этилаётган авиакомпания лизинг асосида учта A320 самолёти ва иккита вертолёт сотиб олишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Авиаташувчи «Умра» дастури доирасида Саудия Арабистонига парвозларни йўлга қўйишни режалаштирган. Тақдимот ролигида Air Marakanda логотипи туширилган самолётлар кўрсатилганди.