Сенаторлар Баҳодир Тожиев ва Фарҳод Боқиев UzReport телеканалига берган интервьюсида Тошкент марказидаги Сенат биносида (ТИВнинг собиқ биноси) ҳам электр таъминотида узилишлар бўлаётгани, хоналар совуқ эканини маълум қилди.

«Бугун Сенатдаям свет ўчяпти. Тўғрисини айтаман, ўзим иккинчи қаватда ишлайман, хонамнинг ҳарорати 15−20 даражадан ошмаяпти. Хонамда пальтойимни кийиб ўтираман, буни мен яширмайман», — деди Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси.

8 йилдан бери Тошкентда яшайдиган Баҳодир Тожиев шаҳарда ҳали ҳеч бундай совуқни кўрмаганини айтди.

«Ижтимоий тармоқларда халқимизнинг ҳақли эътирозлари бўлаётганини кузатяпмиз, бу жараёнда томошабин бўлиб туришга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Бу муаммолар тез кунларда бартараф қилинади. Бунақанги совуқни биз кутишимиз керак, қиш келса, албатта, совуқ бўлади, бунга тайёргарлик кўришимиз керак. Иш бўляпти, муаммолар келиб чиқяпти, лекин президентимиз раҳбарлигида барча соҳа мутахассислари туну кун халқимизни рози қилиш учун муаммоларни бартараф қилиш устида ишлашмоқда», — деди у.

Яна бир сенатор Фарҳод Боқиев нафақат Ўзбекистонда, балки «манаман деган давлатларда ҳам» энергия таъминотида «беқарорлик» бўлаётганини айтган:

«Сенатда бино иссиқми-йўқми деган саволдан бошлайлик. Сенатдаям бинолар совуқ. Салқин хонада ўтирибмиз. Яширадиган жойи йўқ, бу — факт. Бугунги кунда манаман деган ривожланган давлатлардаям энергоресурслар билан боғлиқ беқарорлик юз беряпти. Иккинчидан, бугун истеъмол кескин даражада ошиб кетди. Айни пайтда экспорт тўхтатилган, Ўзбекистон бирорта чет давлатга табиий газни экспорт қилмаяпти. Давлат бугунги кунда аҳолини газ, электр энергияси билан таъминлаш учун бу ресурсларни хориждан импорт қилмоқда. Бу айни пайтда керак ва тўғри қарор деб ўйлайман», — дея таъкидлади сенатор.

Фарҳод Боқиев. Фото: UzReport TV.

Унинг сўзларига кўра, газ, электр энергияси ресурслари билан юзага келиши мумкин бўлган тақчилликларнинг моҳиятини ёз ойларида ҳам халқимизга тушунтириш имконияти мавжуд эди. Ўша пайтданоқ бу нарсаларни тушунтириб келганимизда эди, айрим масалаларда тайёргарлик бошқачароқ бўлган бўлармиди, деди у.

«Шунингдек, бугунги кунда яшил энергетикага ўтиш, муқобил энергиянинг фойдаси қанчалик юқори эканини статистика ҳам кўрсатмоқда. Бу борада ҳам Ўзбекистонда аниқ стратегия, аниқ чора-тадбирлар бор. Бироқ бизга қуруқ гаплардан кўра аниқ амалда кўрсатиб берадиган тизим, мисоллар устида ишласак, бунинг натижасига тезроқ етиб борамиз», — дея таъкидлади сенатор.

«Сенаторлар ҳар битта ҳудудга бириктирилган бўлиб, бугунги мураккаб вазиятда улар ҳар битта маҳаллада уйма-уй юришибди. Халқнинг муаммоларини парламент эшитяпти, эшитмаяпти эмас. Ижтимоий тармоқда чиққан воқелик қайсидир масъул вазирлик тизимига тегишли бўлса-да, бу масала парламентнинг тегишли қўмитаси томонидан давлат назоратига олинмоқда», — деди Фарҳод Боқиев.