29 ноябрь куни соат 9:00 да Бухоро вилоят судида Қорақалпоғистонда 1−2 июль кунлари содир бўлган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суднинг иккинчи куни очилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Аввал хабар берилганидек, жараён тўлиқ қорақалпоқ тилида бўлиб ўтмоқда. Суднинг биринчи кунида прокуратура вакиллари тўрт соат давомида 22 гумонланувчига нисбатан айбловларни ўқиб эшиттирди. Бугун айбланувчилар судьянинг саволларига жавоб берган ҳолда, бирма-бир кўрсатув бермоқда.

Биринчи бўлиб Нукус олимпия захиралари коллежи директори, 1984 йилда туғилган Азамат Турдановга сўз берилди. У Жиноят кодексининг 28, 104-моддаси 3 қисми «а» банди, 159-моддаси 4-қисми ва 244-моддаси 3-қисми билан айбланмоқда. Прокуратура томонидан ўқиб эшиттирилган айбловда унинг Нукусдаги тартибсизликларда спортчиларнинг иштирок этишини таъминлагани ва Даулетмурат Тажимуратовни елкасига ўтказиб, Жўқорғи Кенгес (парламент)ни эгаллаш мақсадида олиб борганлиги кўрсатиб ўтилган эди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, Азамат Турданов кўрсатмаси давомида Даулетмурат Тажимуратов билан тортишиб қолди. Турданов кўрсатуви аввалида Тажимуратов шахсига тўхталиб, бундан олдин унинг бир неча бор жиноят содир қилгани, 4 марта судланганини айтди ва уни «фирибгар» дея атади.

Шундай кейин Даулетмурат Тажимуратов суд раисига ўз эътирозини билдирди. Суд раиси Ебулай Абибуллаев судланувчиларнинг шахсига доир маълумотлар керак эмаслигини таъкидлаб, Турдановдан воқеа тафсилотларига тўхталишини сўради.

Суд жараёнининг иккинчи кунини «Газета.uz»нинг Youtube’даги саҳифаси орқали жонли эфирда томоша қилишингиз мумкин: