27 ноябрь куни E ва F гуруҳидан жой олган Япония — Коста-Рика ҳамда Белгия — Марокаш баҳслари бўлиб ўтди. Иккита учрашувда ҳам кўпчилик учун кутилмаган натижалар қайд этилди. Биринчи ўйинда Япония Коста-Рикага мағлуб бўлган бўлса, иккинчи баҳсда Марокаш олдинги турнирлардаги ўйини кўрсата олмаётган Белгияни мағлуб этди.

Япония — Коста-Рика 0:1

Япония — Коста-Рика учрашуви Ал-Райян шаҳридаги «Аҳмад бин Али» стадионида, 41 479 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди. Ўтган тўрда Япония терма жамоаси Германияни мағлуб этган бўлса, Коста-Рика эса Испанияга 7:0 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Шу сабабга кўра, кўпчилик ушбу баҳсда Япониянинг осон ғалабасини кутган эди. Аммо коста-рикаликлар бунга қўшилишмади.

Тўпга эгалик қилиш бўйича кўрсаткичлар — 56/44 бўлди, бу борада Япония олдинда. Японияликлар зарбалар бўйича ҳам пешқадам бўлишди — 6:3. Шулардан аниқ зарбалар бўйича ҳисоб — 3:1. Коста-Риканинг битта аниқ зарбаси ўйин тақдирини ҳал қилди.


Учрашувда киритилган ягона голни 81-дақиқада Кейшер Фуллер томонидан киритилди. Голдан кейин Коста-Рика бутун жамоа бўлиб ҳимояга қайтди. Қўйилган «автобус»нинг натижаси ўлароқ, Коста-Рика терма жамоаси қимматли 3 очкони қўлга киритишди. 1-турда энг кучсиз терма жамоа деб топилган Коста-Рика айни дамда плей-оффга чиқиш учун ўзига имконият яратиб олди.

Коста-Рика терма жамоаси сўнгги турни Германияга қарши ўтказади. Япония эса Испания терма жамоаси билан куч синашади. Бугун E гуруҳи доирасида Испания ва Германия терма жамоалари учрашишади. Ушбу баҳс ҳам гуруҳдаги ҳолатни бироз ойдинлаштириши мумкин. Айни дамда Германияда очко йўқ, Испания, Япония ва Коста-Рика эса учтадан очко ишлаб олишган.

Белгия — Марокаш 0:2

Белгия — Марокаш ўртасидаги баҳс Доҳадаги «Ал-Тумама» стадионида бўлиб ўтди. Ушбу учрашувни томоша қилиш учун стадионга 43 738 нафар мухлис ташриф буюрди.

Белгия терма жамоаси ўтган турда Канадани катта қийинчиликлар билан, қисман «омад» эвазига ютган эди. Чунки ўйинда ташаббусни асосан Канада терма жамоаси ўз қўлига олган эди. Марокаш эса мусобақа вице-чемпионлари Хорватия терма жамоаси билан нурсиз дуранг қайд этган эди. Ўтган турдаги ўйиндан кейин Белгия ҳақида бир нарса дейиш қийин эди, аммо бизнинг хотирамизда ўтган мусобақалардаги «ҳайбатли» Белгия қолган экан, биз уни фаворит сифатида кўраверамиз. Аммо Марокаш терма жамоаси ушбу тасаввурларимизни йўққа чиқарди.

Худди Япония — Коста-Рика учрашувидаги каби бу баҳсда ҳам 1-тайм голсиз ўтди. Айтганча, 1-таймнинг охирги дақиқаларида Марокаш гол киритган эди. Бироқ тўп киритилган вазиятда ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилди ва гол бекор қилинди.

Белгия бу вазиятдан хулоса чиқармаган кўринади. 2-таймнинг 74-дақиқасида Сабири Марокаш терма жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бу сафар гол бекор қилинмади — 0:1.


Ҳакам 2-таймга 5 дақиқа вақт қўшиб берди. Қўшиб берилган дақиқаларда «ПСВ» клуби аъзоси Закария Абухлал ҳисобни 0:2 кўринишига келтирди ва шундоқ ҳам оғир аҳволда бўлган Белгия терма жамоасини яксон қилди.

Айни дамда F гуруҳида вазият қуйидагича: Марокашда 4 очко, Белгияда 3, Хорватияда 1 очкодан мавжуд, Канада хали очкосиз. Хорватия ва Канада терма жамоалари хали ўзларининг 2-тур учрашувини ўтказишмади. Ушбу учрашувдани сўнг гуруҳдаги вазиятга бироз ойдинлик киритилади.

3-турда Марокаш терма жамоаси Канада билан, белгияликлар эса Хорватия билан баҳслашишади.