Президентнинг тегишли фармони билан Акмалжон Маҳмудалиев Сирдарё вилоятининг ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Акмалжон Маҳмудалиев (1974 йилда туғилган) май ойидан бери Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. 2018 йилда эса Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ҳокими бўлган.

Навоий вилояти ҳокимлиги сайтида маълум қилинишича, 1995 йилда у Самарқанд кооператив институтининг бухгалтерия ҳисоби факультетини, 2005 йилда Тошкент кимё-технология институтининг дон ва дон маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси факультетини тамомлаган.

2009−2013 йилларда Давлат дон инспекцияси Фарғона ҳудудий бўлими бош давлат дон инспектори, 2013 йилдан 2018 йилгача Давлат дон инспекцияси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Акмалжон Маҳмудалиев ҳозирда президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган Ғофиржон Мирзаевнинг ўрнини эгаллади.