20 ноябрь куни Наманган вилояти Поп туманида икки аёл ва бир бола ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, соат 16:00 ларда туманнинг Тинчлик маҳалласида яшовчи фуқаро 1971 йилда туғилган Э.Т.(аёл), 2016 йилда туғилган, вояга етмаган Ф.Т. ҳамда меҳмонга келган қайнонаси 1947 йилда туғилган Д.Ю. уйни иситиш учун ўрнатилган темирдан ясалган печкага ёқилган табиий газдан чиққан ис газидан заҳарланиб, воқеа жойида вафот этди.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Расмий манбаларда эълон қилинган ҳолатларга кўра, ноябрь ойининг ўзида ис газидан 9 киши вафот этди. Куни кеча Қашқадарёда 17 ёшли қиз, аввалроқ Хоразмда ижарада турган икки йигит, орадан икки кун ўтиб Жиззахда қария аёл ва унинг икки набираси ҳамда Бухорода 2-синф ўқувчиси ис газидан ҳалок бўлганди.